
Ўзбекистонда ногиронликни расмийлаштириш ва аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган янги тизим жорий қилинмоқда. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, эндигидан бошлаб врачлик-маслаҳат комиссиялари (ВКК) – йиллар давомида коррупцион иллат билан боғланган тартиб бутунлай бекор қилинади.
Бу тизим ўрнига ногиронлик фақат тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан, фақат оилавий шифокор томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида белгиланади. Ушбу ўзгариш 2024 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 1 сентябрдан эса мамлакатнинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади.
Шу билан бирга, касалликларни барвақт аниқлаш ва асоратларини камайтириш мақсадида «маҳаллабай тиббий хизмат» тизими йўлга қўйилади. Бунинг доирасида, масалан, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги поликлиника ва маҳаллаларга вилоят кардиология, эндокринология, она-бола марказлари ҳамда марказий шифохона шифокорлари бириктирилади.
Улар аҳоли орасида тўғридан-тўғри тиббий кўриклар ўтказади, оилавий шифокорлар билан ҳамкорликда касалликларни эрта босқичда аниқлашни ўргатади, поликлиникаларда эса замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этади.
Бу жараёнга Самарқанд тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари ва магистратура битирувчилари ҳам жалб этилади. Улар амалиётни шу маҳаллаларда ўтаб, илмий ишларини айнан шу жойда амалга оширадилар.
Йил якунида натижа юқори бўлса, ушбу лойиҳага бириктирилган шифокор ва мутахассисларга ойлик маошнинг икки баробар миқдорида мукофот тўланади.
Президент бу тизимни жорий йилда Иштихон тумани, Самарқанд шаҳри, Булунғур тумани ва бошқа вилоятларнинг ҳар биридан камида битта туманда, 2025 йилдан тўлиқ Самарқанд вилоятида ва 2027 йилдан бутун мамлакат бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этишни топширди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса йил охиригача тиббиёт олийгоҳлари билан биргаликда 15 та туманда 4 700 нафар оилавий шифокор ва ҳамширани «Оила саломатлиги» дастури асосида ўқитиши ва тиббиёт муассасалари раҳбарларини менежерликка тайёрлашни йўлга қўяди.
Янги тизимни жойларда тўлиқ амалга ошириш учун давлат бюджети ҳисобидан 285 миллиард сўм, ҳудудий ҳокимликлар томонидан эса қўшимча 10 миллиард сўмдан маблағ ажратиш белгиланди.
Бу ислоҳотлар маҳалладаги тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада ошириш ва аҳолига яқин тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратишга қаратилган. Мақсад — соғлом авлод, одил тизим ва шаффоф тиббий хизмат.
Ногиронлик ТизимиТиббий ХизматКоррупциясиз ИслоҳотМаҳаллабай ТиббийШифокорлар ҲамкорлигиСамарқанд Вилояти Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар