date
views 166

Болага ёмон муносабат: ғалати ҳазил фожеага айланиши мумкин

Болага ёмон муносабат: ғалати ҳазил фожеага айланиши мумкин
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрида содир бўлган ачинарли ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Болалар омбудсмани ҳамкорлигида ўтказилган суриштирув натижасида, болага нисбатан қўпол ва ноқонуний ҳаракат содир этган шахс аниқланди. Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар "Ёрмазор" маҳалласида истиқомат қилувчи 1980 йилда туғилган фуқаро А.О. бир йил аввал ўз опасининг бир ёшли ўғли И.М.ни ҳазил деб, автомашина юкхонасига жойлаштириб, юкхонани ёпган ва бу ҳолатни видеога олиб, интернетга жойлаштирган.

Воқеа шов-шувга сабаб бўлди ва бу ҳолат бўйича ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Мазкур шахсга тегишли автомашина ҳам Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

Болалар омбудсмани бу каби ёлғон “ҳазиллар”нинг жуда хавфли эканини таъкидлади. Боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигига жиддий зарар етиши мумкинлиги қайд этилди. Аслида, ҳар бир бола катталарнинг ҳазили, ижтимоий тармоқда “лайк” ва кўришлар учун қурбон бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари давлат ва қонун ҳимоясида, унинг эркинлигини бузиш эса жиддий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ижтимоий тармоқларда ўйловсиз ва бемаъни видеолар олиш, балким, кимлар учундир “мажнунча шўхлик” бўлиб кўриниши мумкин, аммо бола ҳаёти ва соғлиғи ҳеч қачон хавф остига қўйилмаслиги керак. Омбудсманнинг сўзларига кўра, бу каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилса, бола ҳуқуқлари кафолатли муҳофазада бўлади ва бундай ҳодисалар олди олинади.

Ҳар бир ота-она, қариндош ва ёшлар шуни унутмасин: болалар – катталарнинг масъулияти, келажаги ва давлатнинг энг муҳим бойлиги. Уларга эътибор ва эҳтиётлик билан муносабатда бўлиш – жамиятнинг умумий вазифаси!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болага ёмон муносабат: ғалати ҳазил фожеага айланиши мумкин