
Қашқадарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган тезкор тадбир натижасида жамоатчиликни ларзага солувчи ҳолат фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда амалга оширилган операция давомида Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари пора олган пайтда қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, туман ҳокими ўринбосари маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кириб, унинг 2025 йилги 300 килограммлик пилла топшириш режасини ёпиб бериш эвазига 21 миллион сўм пора талаб қилган. У жиноятни амалга оширишнинг биринчи босқичида — 7 миллион сўмни шахсан ўз хизмат хонасида олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (пора олишга суиқасд) асосида жиноят иши қўзғатган. Шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари жадал суръатда давом эттирилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар давлат бошқаруви органлари шаънига доғ туширади ва қонуний чоралар кескин бўлиши шарт.
Коррупцияга қарши қатъий курашиш, жамиятда адолат ва шаффофликни таъминлаш — устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар