date

Ўзбекистонда кунлик иш ҳақи тўлаш тизими синовдан ўтказилади

Ўзбекистонда кунлик иш ҳақи тўлаш тизими синовдан ўтказилади

  Ўзбекистонда меҳнат бозорида янги ва замонавий тўлов амалиёти йўлга қўйилади. Президентнинг 2025 йил 12 августдаги қарорига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулайлик яратиш мақсадида “шу куннинг ўзида” номли кунлик иш ҳақи тўлаш тартиби жорий этилади.

Янги тизим тажриба сифатида айрим ходимлар меҳнати учун амалга оширилади. Бу имкониятдан фойдаланиш учун иш берувчи ва ходим ўртасида электрон меҳнат шартномаси тузилган бўлиши шарт. Шунингдек, ходим рақамли платформаларда электрон ҳамёнга эга бўлиши лозим.

Муҳими, солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳисобланиши ҳамда тўланиши қатъий назорат қилинади. Механизм ихтиёрий бўлиб, иш берувчи меҳнат қонунчилигининг бошқа талабларидан озод этилмайди.

Қарорга кўра, рақамли платформа операторлари ходимларга кунлик тўловни амалга ошириш учун махсус тўлов воситалари тақдим этади. Давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция жараёни механизмнинг тўлиқ ишлашида муҳим ўрин тутади.

Муттахассислар таъкидлашича, бундай амалиёт қисқа муддат ичида ишчи меҳнатининг қийматини тезкор тўлашга ёрдам беради, айниқса, вақтинчалик ёки сменали ишда банд бўлганлар учун жуда қулай бўлади. Шу билан бирга, бу меҳнат бозорида шаффофликни оширишга ва ноқонуний иш шаклларини қисқартиришга хизмат қилади.

Янги тартиб меҳнат муносабатларини рақамлаштиришдаги навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда. Кунлик иш ҳақи тўлаш тизими ишчи ва иш берувчи ўртасида молиявий муносабатларни соддалаштириш, тезкор ва қулай тўловни таъминлаш имконини беради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда кунлик иш ҳақи тўлаш тизими синовдан ўтказилади