Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқларда тарқалган “бола ўғриси қўлга олинди” деган хабар расман рад этилди ва воқеанинг ҳақиқий ҳолати аниқланди. Бу ҳақда болалар омбудсмани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумот берди.
Маълум қилинишича, 25 август куни Қуйи Чирчиқ тумани “Ойдинобод” маҳалласида юз берган воқеа нотўғри талқин қилинган. Аниқланишича, Оққўрғон туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган аёл, танишини топиш мақсадида мазкур ҳудудга борган. У маҳалладаги бир боладан йўл сўрагани ҳолат видеога олинган ва баъзи фуқаролар уни шубҳали деб ҳисоблаб, ҳақоратли сўзлар ишлатиб, ноўрин муомала қилган. Бу видео ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, “бола ўғриси” сифатида асоссиз ва нотўғри талқин қилинган.
Дастлабки суриштирув натижасига кўра, аёлнинг бола ўғирлашга алоқаси йўқлиги тўлиқ тасдиқланди. Аксинча, фуқароларнинг ўз қўли билан “жазолаш”га уринишлари ҳуқуқбузарлик деб топилди. Шу сабабли 7 нафар шахсга нисбатан расмий ҳужжатлар тайёрланиб, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида судга юборилди.