Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси қачон ҳал бўлади?

Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини узоқ вақтдан бери қийнаб келаётган сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳид муаммосини бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шу билан бирга, ҳудудда йўллар, автобус бекатлари, светофорлар ва жамоат транспорти инфратузилмасини янгилаш режалаштирилмоқда.
Замонавий фильтрлар ўрнатилади
Мутасаддиларга 1 сентябрга қадар оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиш топширилди.
Ушбу чора Сергели ва Янгиҳаёт туманларида сезилаётган нохуш ҳидни камайтириш ҳамда аҳоли учун экологик жиҳатдан қулай муҳит яратишга қаратилган.
Янги сув тозалаш иншооти қурилади
Келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади.
Янги иншоотнинг қуввати кунига 300 минг куб метрни ташкил этади. Лойиҳа ишга тушгач, Сергелидаги мавжуд сув тозалаш иншоотига тушаётган юклама кескин камайиши кутилмоқда.
455 та «ақлли» светофор ўрнатилади
Жорий йил Сергели туманидаги асосий 23 километр йўлда ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда.
Режага кўра:
чорраҳаларга 455 та «ақлли» светофор ўрнатилади;
150 та автобус бекати янгиланади;
10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.
Бу ишлар тирбандликларни камайтириш, йўловчилар учун қулайлик яратиш ва йўллардаги хавфсизликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги Сергелида БРТ йўлаги қурилади
Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобуслар учун 5,5 километр узунликдаги махсус БРТ йўлаги қуриш режалаштирилган.
Мазкур йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади. Натижада жамоат транспорти ҳаракати тезлашиб, йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақти қисқариши мумкин.
Тошкент ҳалқа йўлидаги кўприк тезлаштирилади
Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини жадаллаштириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Мазкур лойиҳа жанубий туманларнинг транспорт алоқасини яхшилаш ва асосий йўллардаги юкламани камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сизнингча, Сергелида биринчи навбатда қайси муаммо ҳал қилиниши керак: бадбўй ҳидми ёки транспорт тирбандлигими?































Изоҳлар 0
…