Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга қараганда, Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик амалга оширилганлиги бўйича жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамалар юзага келди. Мазкур вазият Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 26 август куни Узун тумани маҳаллаларининг бирида ноъмалум аёл киши антисанитария шароитида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий равишда ушлаб турилганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Маҳалла профилактика инспектори бу хабар асосида зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, хонадон эгаларининг қаршилигига қарамай молхона эшигини бузиб кирган. Шу тарзда хонадон эгаси 1981 йилда туғилган Ш.А.нинг норасмий турмуш ўртоғи, 1997 йилда туғилган Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзанди оғир шароитда мажбурий сақлаб келинаётганлиги аниқланди ва жабрланувчилар тез тиббиёт муассасасига юборилди.
Ҳолатнинг таҳлили давомида маълум бўлдики, хонадон эгаси Ш.А., шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, норасмий турмуш ўртоғи Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришларидан фойдаланиб, бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қўллаган. Уларнинг қийин вазияти молхонада яширин равишда сақлаб туриш билан боғлиқ эканлиги ҳам аниқланган. Х.Г.да тилида нуқсон ва фикрларни тўлиқ ифода қилишда қийналиши кузатилган.
Ҳозирда жабрланувчи Х.Г. Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса туғруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилган. Улар билан боғлиқ соғлиқ ҳолати вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ҳолат юзасидан, Узун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126 прим 1-моддаси 7-қисми “а” ва “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Ш.А. процессуал тартибда қамоққа олинган, шунингдек, ишга алоқадор хонадон аъзолари ҳам терговга жалб қилинган ва улардан бирига нисбатан “Қидирув” эълон қилинган.
Ҳозирда иш юзасидан барча тегишли суд ва тиббиёт экспертизалари тайинланиб, тергов-процессуал ҳаракатлар доимий равишда олиб борилмоқда. Жамоатчилик ушбу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирмоқда ва тергов жараёнида ҳақиқат тез орада очиқланиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!