Самарқанд шаҳрида одамни ҳайратга солган ноодатий воқеа содир бўлди. Маълумотларга кўра, эркак марҳумнинг жасадини қоп ичига жойлаб, арава орқали олиб кетаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Mahalla телеканали эфирида маълум қилинди.
Тафсилотларга кўра, ҳодиса 24 август куни юз берган. «Навбоғчиён» ва «Бўстон» маҳаллалари раиси ўз ҳудудларини айланиб чиқиш чоғида икки шахснинг шубҳали ҳаракатларини пайқашган. Улар болалар аравачасини ҳайдаб, қабристон томон йўналган эркак ва аёлга дуч келган. Арава ичидаги елим идишлар орасида қоп яширилган бўлиб, текширувда қоп ичида жасад борлиги аниқланган.
Маҳалла раислари вазиятдан шубҳаланиб, дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилишган. Текширув жараёнида маълум бўлишича, эркак ўз поччасини ўлдирган ва уни қабристонга яширмоқчи бўлган.
Маҳалла раисининг айтишича, гумонланувчи дастлаб поччаси уйига келган вақтда ўлиб қолганини айтган ва шу боис уни кўммоқчи эканини иддао қилган. Аммо кейинроқ тергов жараёнида унга қарши оғир айбловлар илгари сурилган.
Ички ишлар органлари ходимлари жойига етиб бориб, жиноятни фош қилган. Ҳозирда ҳодисанинг аниқ сабаблари ва гумондорларга қандай жазо тайинланиши юзасидан қўшимча маълумот берилмаган.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги маҳалла раислари Адҳам Раҳимов ва Аъзам Остонқуловни ўз вақтида ҳушёрлик кўрсатиб, тезкор равишда хабар берганлари учун кўкрак нишони билан тақдирлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!