Андижон вилоятида давлатга тегишли ер майдонини ноқонуний йўл билан сотишга уриниш ҳолати фош этилди. Маълумотларга кўра, “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси балансида бўлган 10 сотих ерни тўғридан-тўғри сотиб беришни ваъда қилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрихон тумани бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор чора-тадбир жараёнида фуқаро М.А. қонунбузарлик устида қўлга олинди.
Маълум бўлишича, у фуқаро С.Т.нинг ишончини қозониб, тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиши ҳамда қўшимча объект барпо этиши учун керак бўлган ер майдонини гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали расмий ҳужжатлаштириб беришини айтган. Бунинг эвазига у 32 минг АҚШ доллари талаб қилган ва шундан 18 минг долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) асосида жиноят иши очилиб, тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!