date

Наманганда 15 млрд сўмлик қалбаки дорилар муомаладан чиқарилди

Наманганда 15 млрд сўмлик қалбаки дорилар муомаладан чиқарилди

Наманган вилоятида умумий қиймати 15 миллиард сўмдан зиёд бўлган сифатсиз ва кафолатланмаган дори воситалари савдога чиқиши олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати расман маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Косонсой туманида истиқомат қиладиган, 1986 йилда туғилган шахс ноқонуний равишда дорилар савдоси билан шуғуллангани аниқланган. У давлат реестридан ўтмаган ва сертификатлари расмийлаштирилмаган Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 2100 қути “Ферромед” дорисини шартли харидорга 168 миллион сўмга сотиш пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тезкор тадбирлар давомида унинг яшаш хонадондан яна 4296 қути “Ферромед” аниқланиб, олиб қўйилган. Умумий ҳисобда 6396 қути дорининг қиймати 1 миллиард 223 миллион сўмга тенг экани белгиланди.

Айни пайтда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддасига асосан иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги МЧЖ омбор мудири ва унинг икки танишига тегишли 3 та нотурар бинода ҳам текширувлар ўтказилган. Натижада ҳужжатлари йўқ, тахминий қиймати 12,8 миллиард сўмдан ортиқ, 2307 турдаги жами 195 минг 323 дона дори воситалари сақланаётгани маълум бўлди. Улар расмий тартибда ҳужжатлаштирилиб, экспертизаларга юборилди.

Бундан ташқари, Наманган шаҳри ҳамда Уйчи туманидаги икки яширин омбордан хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 1,2 миллиард сўм бўлган 128 турдаги 45 минг 641 дона дори воситалари ҳам топилди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан суд-товаршунослик ва кимёвий экспертизалар тайинланган. Терговга қадар текширув жараёнлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоят ҳудудида ўтказилган махсус тезкор тадбирлар давомида яна бир қатор яширин дори омборлари фаолияти фош этилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда 15 млрд сўмлик қалбаки дорилар муомаладан чиқарилди