14:36 / 23.12.2016
11 403

“Ёримнинг висолига етдим, аммо...”

“Ёримнинг висолига етдим, аммо...”

— Ҳурматли таҳририят ходимлари, сизларга нозик бир масалада маслаҳат сўраб мактуб йўллаяпман. Уйланганимга тўрт ой бўлди. Рафиқам билан совчи орқали, аммо бир-биримизни ёқтириб турмуш қурганмиз. Мана, тўрт ойдирки, эр-хотинлик муносабатларига кириша олмаяпмиз. Сабаби у бу ҳолатдан қаттиқ қўрқиб, ўзига умуман яқинлаштирмайди. Аввалига вақт ўтиб, ҳаммаси изига тушиб кетар, деб сабр қилдим. Энди оиламдаги катталарнинг аёлимнинг бўйида бўлишини кутишаётгани мени хавотирга солмоқда. Вазият ойдинлашса, одамлар мени айбдорга чиқаришларидан чўчияпман. Назаримда, бу ҳақда уйдагилар билан маслаҳатлашишга энди кеч. Қандай йўл тутсам экан? Муаммом юзасидан мутахассислар маслаҳатига муҳтожман…

Ҳаким, Бухоро вилояти


Азиз муштарий! Таҳририятимизга йўлланган ҳар бир мактуб биз учун газетамизга бўлган эътиборингиз ва ишончингиз далолатидир. Биламиз, хатни ёзишдан аввал узоқ иккилангансиз. Бу ҳақда ким билан маслаҳатлашишни, кимдан тўғри жавоб олишингизни билмай бошингиз қотган. Ниҳоят, мактубни ёздингиз. Саволга жавоб истаб ҳис этаётган интиқлигингизни олисдан сезиб турибмиз, ишонинг. Бугунги мавзу гарчи нозик бўлса-да, унга парда ортидан назар ташлашимиз, балки сиз сабаб бошқаларга ҳам сабоқ бўлар. Шу сабаб «Сирлашув» саҳифамиз орқали мутахассислар фикри ва тавсиялари билан таништирамиз.

«Янгани тўғри танланг!»


Гулруҳ АДХАМОВА, руҳшунос:

— Бу ҳолатни турмушга чиқаётган қизни никоҳ кечасига нотўғри тайёрлашнинг салбий оқибатларидан бири деб айтиш мумкин. Одатимизга кўра, келинни никоҳ кечасига янгаси тайёрлаб боради. Аслида қизларга яқин инсони тўйдан бир кунгина аввал эмас, сал эртароқ бу мавзуда гапириб, уларни никоҳга тайёрлаб бориши тўғрироқ бўлади. Фарзандини турмушга узатаётган онахонлар масалага юзаки эмас, жиддий эътибор қаратишлари лозим. Негаки турмушга чиқмаган қизнинг атрофидаги дугоналари жараён ҳақида турли салбий фикрлар гапириб, келинни қўрқитиб қўйишлари мумкин. Натижада келин кўп қон кетиб қолиши ёки кучли оғриқдан қўрққанидан жараённи ўз вақтида рўй беришига изн бермайди. Табиийки бу ҳолда икки ёш масалага эҳтиёткорлик ва эътибор билан ёндошган янганинг маслаҳатларига муҳтож бўлади.

«Вақтни исроф қилманг!»


Олий тоифали шифокор, андролог-сексопатолог Рамазон НАЗАРОВ:

— Ҳар бир ҳолат индивидуал. Аввало жуфтлик ўртасида муҳаббат ришталари бўлиши жуда муҳим. Келин куёвдан чўчимаслиги, уни яқин инсони деб қабул қилиши керак. Баъзи ҳолларда келиннинг куёвни ёнига яқинлаштирмаслиги вагинизм касаллиги оқибатида ҳам бўлади. Бу каби муаммо билан бизга мурожаат қилган жуфтликларга аввало келинни гинеколог кўригига олиб боришни маслаҳат берамиз. Мутахассис кўриги ва ташхисдан кейин ҳар иккаласи сексопатолог қабулига келишлари мумкин. Вазият ижобий томонга ҳал бўлиши учун масалага беэътибор бўлманг. Ёдда тутинг, вақтни ўтказиб юборишингиз жинсий яқинлик рўй беришини янада қийинлаштиради. Сизга зудлик билан мутахассис ёрдами керак.

«Қиз болани стресс ҳолатидан сақланг!»


Олий тоифали шифокор-гинеколог Муяссар НАЗИРОВА:

— Кўпинча бу каби вазиятда гинеколог қабулига келиннинг қизлик пардасини текширтириш учун олиб келишади. Парда шикастланмагани аниқланса, келин-куёв андролог қабулига юборилади. Куёвни ҳам тиббий текширувдан ўтказиб қўйиш зарар қилмайди. Натижани аниқлаш учун зарур кўрикни андролог белгилаб беради. Тиббий кўрикдан ташқари келиндаги бу ҳолат руҳий таъсир оқибати бўлиши ҳам мумкин эканини ҳисобга олиш керак. Балоғат ёшида, ёки вояга етган пайтда стресс ҳолатига сабаб бўлувчи бирор кор-ҳол юз берган бўлса, қиз бола жинсий яқинликдан қаттиқ қўрқиб қолади. Буни даволашнинг иложи бор, албатта! Фақат атрофдаги одамлар ёшларни тушуниши, уларга юмшоқ муносабатда бўлиши муҳим. Турли майда гап-сўз, янги оиланинг вазиятга бўлган салбий муносабати, келиндаги ҳолатни янада кучайтириши, оқибатда у эмоционал стрессга тушиб қолиши мумкин. Ишонинг, бу вақтинчалик ҳолат. Ундан чиқиб кетиш учун сиздан фақат вақт ва эътибор талаб қилинади. Худди шунга ўхшаш вазиятдаги бир келинни қабулга олиб келишганида унга ийманиш керак эмаслигини, истак уйғониши учун балки романтик фильм, ёки шунга ўхшаш муҳит яратилиши муҳим эканини тушунтиргандик. Чунки атрофдаги қўшимча муаммолар келин-куёвнинг парда ортидаги ҳаётига таъсир қилмаслиги лозим.

Янгамуллодан куёвларга тавсиялар
  • Узоқ кутган никоҳ тўйингиз ёқимли, сиз кутгандагидек дўст, яқинлар даврасида эсда қолар даражада ўтди. Қанча одам билан мулоқотда бўлдингиз, кун бўйи сизга ҳамроҳ бўлган ҳаяжон энди руҳий чарчоққа айланган бўлса, ажаб эмас. Модомики, қаттиқ чарчаганингизни ҳис этаётган бўлсангиз, илк яқинликни сал кейинроққа қолдирганингиз маъқул.
  • Келингинамнинг сиздан-да икки карра кўпроқ ҳаяжонланаётганини эсдан чиқарманг. Масалани шу бугуноқ ҳал этишим керак каби ўй-хаёлларни умуман эсдан чиқаринг. Келиннинг қафасга тушган қушдек чўчиб туриши сиздан ийманганининг белгиси ҳамдир. Буни ҳисобга олиб унга оҳисталик билан муносабатда бўлинг. Қўполлигингиз масалани янада чигаллаштиришини сизга эслатиб қўйишни лозим топдим. Наинки никоҳ кечаси, балки бир умр кечирадиган ҳаётингизни айнан илк маротаба қилган ҳатти-ҳаракатларингиз белгилашини билармидингиз?
  • Аста қадам босган одам, узоқ йўл босади, болажоним. Оғриқ ҳисси сиз ва келингинанинг ўртасидаги муҳаббат ришталарини бироз унутишга сабаб бўлиши мумкин. Унинг оғриқ туйганини сезсангиз, нотўғри ҳатти-ҳаракатдан тийилинг.

Бу кеча бошқаларидан ажралиб туриши ёдингиздан кўтарилмасин. Ахир ҳар иккалангиз ҳис этган муҳаббатни ўзгача ришта билан боғлайдиган оқшом бу. Бир-бирингизга эҳтиёткор бўлинг. Шу дақиқаларда атрофингизни чиройли нарсалар, ёқимли ҳиссиётлар ўраб турсин. Ширин сўзингизни келингинадан аяманг. Аёл киши ширин сўзга жуда ўч бўлади. Унга меҳр тўла сўзлар билан яқинлашсангиз, ийманса-да, гапларингиздан эриб кетади.

Манба: Даракчи.уз

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ёримнинг висолига етдим, аммо...”