Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.
Маълум бўлишича, текширувлар давомида 1-сон ДМТТда фаолият юритаётган ошпазлар овқат тайёрлашдаги технологияларга риоя қилмагани ҳамда эътиборсизлиги сабаб кечки нонушта учун тайёрланган ширин кулчалар (булочкалар) куйдириб пиширилгани аниқланган. Бу ҳолат юзасидан буюртмачи томонидан аутсорсинг корхонаси раҳбариятига огоҳлантириш берилди.
Шунингдек, аутсорсинг орқали сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб берилганлиги ҳақидаги хабар ўз исботини топмагани қайд этилди.
Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санепидқўмита туман бирлашмаси эпидемиологи маълумотига кўра, 30 сентябрдан бугунги кунгача боғча ёшдаги болаларнинг озиқ-овқатдан заҳарланиши бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган.
Шу тариқа, расмий манбаларнинг таъкидлашича, болаларга сифатсиз маҳсулотлар тақдим этилиши ҳақидаги хабарлар асосли эмаслиги маълум қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!