date

Фарғонада маиший техника ортилган юк машинаси ёниб кетди

Фарғонада маиший техника ортилган юк машинаси ёниб кетди

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида эрталаб содир бўлган ёнғин фуқароларни ҳушёрликка чорлади. Маълумотларга кўра, маиший техникалар ортиилган юк автомобили йўлда кетаётган вақтда аланга олган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Ҳодиса 10 октябрь куни соат тахминан 06:02 да “Янги бўстон” маҳалласи ҳудудидан ўтаётган А-373 Андижон–Тошкент трассасида рўй берган. “Volvo” русумли юк автомобили ҳаракат пайтида кутилмаганда ёнғинга чулганган.

Гувоҳларнинг айтишича, машинадан илк бўлиб тўсатдан чиққан ис ва аланга йўл четидаги ҳайдовчилар эътиборини тортган. Бир неча дақиқа ичида олов машинанинг орқа қисмига ёйилиб, юкларни қамраб олган. У пайтда транспорт воситасида маиший техника — музлатгич, кир ювиш машиналари ва телевизорлар бўлгани маълум қилинган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари чақирувдан 20 дақиқа ўтиб, соат 06:22 да воқеа жойига етиб келган ва атиги тўрт дақиқа ичида — 06:26 да ёнғинни тўлиқ бартараф этган.

Ҳодиса натижасида ҳайдовчи ва атрофдагилар орасида жабрланганлар йўқ. Бироқ транспорт воситаси ва ундаги қисман юклар ёнғин таъсирида зарар кўрган.

Ҳозирда ёнғин сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг дастлабки тахминларига кўра, ёнғинга электр тизимидаги қисқа туташув ёки ёқилғи оқиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Фарғона вилояти ФВБнинг маълум қилишича, кейинги ойларда йўлда ҳаракатланаётган юк ва енгил автомобилларда ёнғин ҳолатлари сони ошган. Бошқарма аҳолини, айниқса ҳайдовчиларни транспорт воситаларини техник кўрикдан вақтида ўтказишга ва йўлда эҳтиёткорлик чораларини кучайтиришга чақирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада маиший техника ортилган юк машинаси ёниб кетди