Хоразмда шамол алангани кучайтирди: юк машинаси ёниб кетди

Кеча Хоразм вилояти ҳудудида кузатилган кучли шамол фавқулодда вазиятга сабаб бўлди. Шамол кучайган пайтда юк машинасида юзага келган ёнғинни ўчириш анча қийинлашгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда тахталар ортилган юк машинаси тўлиқ алангага ўралиб қолганини кўриш мумкин. Гувоҳларнинг таъкидлашича, кучли шамол оловни тезда кенгайтириб, ёнғиннинг янада авж олишига сабаб бўлган.
Шу боис воқеа жойида ёнғинни назорат қилиш мураккаблашган. Мутахассислар шамолли об-ҳаво шароитида ёнғин тезроқ тарқалиши ва уни ўчириш жараёни кўпроқ вақт ҳамда куч талаб қилишини қайд этмоқда.
Ҳодиса жойидан олинган тасвирлар қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, фойдаланувчилар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда ҳодиса юзасидан расмий маълумотлар ҳали эълон қилинмаган. Ёнғин сабаблари ва етказилган зарар миқдори бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!