date

Экология қўмитаси қурилиш ташкилотларини назоратни кучайтириш бўйича кескин огоҳлантирди

Экология қўмитаси қурилиш ташкилотларини назоратни кучайтириш бўйича кескин огоҳлантирди

21 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қурилиш компанияларига қаратилган қатъий баёнот билан чиқди. Қўмита қурилиш майдонларида амал қилиниши шарт бўлган бир қатор талаблар борлигини яна бир бор эслатди ва ушбу қоидаларни бузган ҳар қандай ташкилот маъмурий жавобгарликка тортилиши аниқ эканини таъкидлади.

Амалдаги меъёрларга кўра, барча қурилиш ташкилотлари қуйидаги мажбурий талабларга амал қилиши лозим:

— қурилиш жараёнида чанг, қум ва майда заррачаларнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик;

— кириш-чиқиш йўлакларига осма ёмғирлатгич ва сув пуркагич қурилмаларини ўрнатиш;

— ҳар бир автотранспорт воситасининг ғилдиракларини ювиш учун мажбурий ювиш пунктларини ташкил этиш;

— чанг тарқалишини чеклаш мақсадида майдонни ҳимоя тўсиқлари, махсус қопламалар ва техник воситалар билан жиҳозлаш.

Қўмита огоҳлантиришида шундай дейилади:

“Талаблар бажарилмаса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ кучли жарималар, фаолиятни 10 иш кунигача тўхтатиш ёки белгиланган тартибда тугатиш чоралари қўлланилиши мумкин”.

Охирги ҳафталарда ҳаво сифати бутун мамлакат бўйлаб жиддий муҳокама мавзусига айланди. Тошкент шаҳри бир неча кун давомида дунё бўйича ҳаво ифлосланиши юқори бўлган шаҳарлар орасида энг юқори ўринларга чиқиб олди.

11 ноябрда пойтахт ва Андижонда зарарли чанг заррачалари меъёрдан кескин ошган. 16 ноябрда ҳам атмосферадаги майда заррачалар даражаси бир неча баравар кўтарилган. 20 ноябрда эса Тошкент халқаро рейтингда ҳаво ифлосланиши бўйича 2-ўринни эгаллагани қайд этилди.

Мутахассислар бу ҳолатни тез-тез ўзгариб турган ҳарорат туфайли юзага келган инверсия жараёни билан боғламокда. Бундай шароитда зарарли заррачалар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади ва тарқалиши қийинлашади.

Ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Яккасарой туманидаги Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан тўлиқ воз кечилиб, экологик хавф келтирмасликка қаратилган қадамлар амалга оширилмоқда.

Янги талаблар ва кескин огоҳлантиришлар ортидан қурилиш соҳасида экологик назорат янада кучайтирилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Экология қўмитаси қурилиш ташкилотларини назоратни кучайтириш бўйича кескин огоҳлантирди