Салар каналига канализация суви оқизилгани тасдиқланди

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган “Beter best” МЧЖ қурилиш объектида канализация қувурига шикаст етгани оқибатида ер ўпирилиши юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Кейинги ўрганишлар давомида ушбу қувурдан чиққан оқова сув Салар каналига оқизилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ахборот берди.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан бошқарма раҳбари Акмал Расулов бошчилигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширув давомида оқова сувлар Салар каналига тўғридан тўғри ташлангани аниқланган.
Ишчи гуруҳ таркибига Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорология йўналишидаги таҳлилий лаборатория мутахассислари, шунингдек, Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари жалб қилинган.
Мутахассислар канал сувидан намуналар олиб, лаборатория таҳлилларига юборган. Уларнинг натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани тасдиқланса, қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.
Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси қўшимча маълумотлар ўрганиш ишлари тўлиқ якунланганидан кейин эълон қилинишини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…