
Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда жиддий муаммо кўтарилди: машҳур блогерларнинг қиёфаси сунъий интеллект ёрдамида қалбакиланиб, қиморга асосланган ўйинларни тарғиб қилишда ишлатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси расман изоҳ берди.
Маълумотларга кўра, СИ орқали ҳақиқийга ўхшаб кетадиган дипфейк видео ва фотосуратлар яратилиб, одамлар ишониши мумкин бўлган сохта реклама тарқатилган. Хусусан, Элмурод Ҳақназаровнинг овозини сохталаштириб, “пул тикинг ва юқори даромад олинг” деган алдамчи чақириқлар тарқатилгани аниқланган.
Шунингдек, блогерлар Д.Назаров ва А.Абдураҳмонов ҳам аслида ҳеч қандай қимор ўйинларини реклама қилмаган бўлса-да, уларнинг қиёфаси сохта материалларда ишлатилгани маълум бўлди.
Масъуллар фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди: таниқли шахс қиёфаси, овози ишлатилган ҳар қандай реклама ҳақиқий эмаслиги мумкин. Қонун билан тақиқланган маҳсулот ёки ўйин тарғиботи эса жиддий хавфга олиб келиши қатъий таъкидланди.
Яқинда сунъий интеллектдан фойдаланадиган биринчи компьютер вируси ҳам аниқлангани эслатилди — бу эса рақамли хавф янада ўсиб бораётганини кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.