date

Хитойдан Самарқанд орқали юк коридори ишга тушади

Хитойдан Самарқанд орқали юк коридори ишга тушади

Самарқандда Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт идоралари навбатдаги музокаралар раундини якунлади. Учрашув якунида томонлар юк оқимини кескин оширишга қаратилган чораларни келишиб олди. Кун тартибидаги асосий масала — Хитой–Тожикистон–Ўзбекистон мультимодал йўналиши бўйича синов юк ташувларини йўлга қўйиш бўлди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Халқаро автомобиль қатновлари бўйича қўшма комиссия йиғилиши ҳафтанинг бошида ўтди. Ўзбекистон делегациясига транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бошчилик қилди, Тожикистон томонини эса мас’ул идора раҳбари ўринбосари Шоиста Саидмуродзода вакиллик қилди. Томонлар икки давлат транзит салоҳиятидан фойдаланишнинг техник жиҳатларини батафсил муҳокама қилди.

Асосий эътибор “Жартепа–Саразм” чегара ўтиш пунктининг ўтказувчанлигига қаратилди. Ҳозирги инфратузилма юк ҳажми ошиб бораётган бир пайтда модернизацияни талаб қилмоқда, айниқса Хитой йўналишини тизимга улаш режалари фонида бу масала долзарблашди.

Учрашувда “майдондаги ўйин” билан бирга ҳужжатбозликни ҳам тезлаштириш масаласи кўтарилди. Тошкент ва Душанбе халқаро автомобиль ташувларидаги рухсатномалар бланкларини (E-permit) тўлиқ электрон форматга ўтказиш имконини кўриб чиқмоқда. Мутахассислар буни чегарадаги туриб қолиш вақтини қисқартирадиган ҳамда коррупция хавфини камайтирадиган ечим сифатида баҳоламоқда.

Шунингдек, рухсатнома бланклари бўйича квотани ошириш ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бу эса томонлар 2026 йилда ўзаро савдо ва юк айланмаси ўсишини кутаётганини англатади.

Музокаралар фонида яқинда Президент администрацияси ижро аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўлими раҳбари ҳудудга ташрифи ҳам тилга олинди. Ўтган ҳафта Саида Мирзиёева Самарқанд вилояти Ургут туманида, Тожикистон чегарасига туташ ҳудудда барпо этилаётган савдо-логистика маркази лойиҳасини кўздан кечирди.

Ушбу мажмуа чегарабўйи иқтисодиётининг янги “таянч нуқтаси” сифатида кўрилмоқда. Лойиҳа қуввати бўйича терминал бир суткада 100 тагача оғир юк автомобилига хизмат кўрсатиши мумкин, божхона расмийлаштируви эса тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши айтиламоқда.

Чегара атрофидаги интеграция фақат логистика билан чекланиб қолмайди. Режа бўйича ҳудудда диагностик тиббиёт маркази ва йирик савдо мажмуаси ҳам ишга туширилади: тиббиёт маркази кунига 150–200 беморни қабул қилиши, савдо майдони эса 800 нафар тадбиркор учун иш ўрни яратиши кутилмоқда.

Янги комплекснинг эътиборга молик жиҳати — кириш тартибининг соддалаштирилиши. Тожикистон фуқаролари Ўзбекистон томонидаги савдо қаторлари ва тиббий муассасаларга стандарт паспорт назоратисиз кириши мумкин бўлиши режалаштирилмоқда, бу эса навбатлар ва ортиқча ҳужжатлар юкини камайтириб, чегараолди савдоси ҳамда ижтимоий алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Ма’лумот ўрнида: тожик томондаги Саразм манзилгоҳи Марказий Осиёдаги энг қадимий ўтроқ манзилгоҳлардан бири саналади (милоддан аввалги IV–II минг йилликлар) ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Тарихий манбаларга кўра, у қадим металлургия маркази ва савдо чорраҳаси бўлиб, Буюк Ипак йўли шаклланишидан анча аввал ҳудудлараро алоқаларни боғлаб турган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Хитойдан Самарқанд орқали юк коридори ишга тушади