date

Фарғонада катта миқдордаги контрабанда гиёҳвандлик тармоғи фош этилди

Фарғонада катта миқдордаги контрабанда гиёҳвандлик тармоғи фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда Тожикистондан ноқонуний олиб кирилган гиёҳвандлик воситалари айланмасига алоқадор бир қатор ҳолатлар аниқланди. Қайд этилишича, операциялар давомида Қўқон шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида контрабанда йўли билан олиб кирилган “опий” ва “гашиш”нинг катта партиялари мусодара қилинган.

Аввало, Тожикистондан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланиб келган, 1984 йилда туғилган фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилди. Текширув натижасида хонадон ошхона қисмидан 4 кг 572 грамм “опий” ҳамда 1 кг 58 грамм “гашиш” аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, терговга қадар ўтказилган ҳаракатлар жараёнида унга тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан WhatsApp орқали юборилган геолокация маълумотлари асосида, муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 грамм “опий” моддаси ҳам топилиб, олиб қўйилди.

Тадбирлар давомида яна бир жиддий ҳолат очилди: Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 1969 йилда туғилган шахс гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаш ва “истеъмолга тайёр” ҳолатга келтиришга хизмат қилувчи нарколаборатория ташкил этгани маълум бўлди. Унинг яшаш манзилидан ҳам 7 кг 226 грамм “опий” моддаси олинган.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган 1980 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига харид қилинган 5 кг 22 грамм “опий” моддаси борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир кейин ҳам давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик моддасини сотган 1985 йилда туғилган ҳамшаҳар фуқаро ҳамда унинг жиноий шериги бўлган 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Қўшимча текширувларда тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан 2 кг 362 грамм “опий” ҳам мусодара қилинди.

Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда эса “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув вақтида йўловчи сифатида кетаётган 1992 йилда туғилган фуқарога тегишли сумка ичида 982 грамм “гашиш” борлиги маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, у гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркокурерлар томонидан олдиндан яшириб кетилган хуфия жойдан олган.

Фарғона шаҳрида ўтказилган алоҳида тезкор тадбирда ҳам навбатдаги савдо уриниши тўхтатилди: 2000 йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 989 грамм “гашиш”ни харидорга 150 миллион сўмга сотиш пайтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, умумий ҳисобда тахминан 29 кг 162 грамм “опий” ва 3 кг 29 грамм “гашиш” муомаладан олиб қўйилгани қайд этилмоқда.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу каби тезкор тадбирлар бир нарсани кўрсатади: гиёҳвандликка қарши курашда назорат кучаяётгани, жамият хавфсизлиги учун таҳдид бўлган тармоқлар эса босқичма-босқич фош этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада катта миқдордаги контрабанда гиёҳвандлик тармоғи фош этилди