date

Тошкентда кўп қаватли уй йўлагида пичоқ кўтариб юрган эркак қамалди

Тошкентда кўп қаватли уй йўлагида пичоқ кўтариб юрган эркак қамалди

Тошкентдаги кўп қаватли уй йўлагида пичоқ билан юрган шахс маъмурий тартибда ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат акс этган видео тарқалиб, кўпчиликда хавотир уйғотган эди. Расмий ахборотга кўра, воқеа 5 январь куни тунги соат 01:35 ларда содир бўлган. 1984 йилда туғилган О.С. маст ҳолатда Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида қўшниси Д.Ю.нинг эшигини тақиллатиб, уни безовта қилган.

Маълум қилинишича, у жамоат жойида бўла туриб, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни қонун талабларига зид равишда олиб юрган ва жамоат тартибини бузган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тарзда чора кўрилган ва ҳуқуқбузар маъмурий тартибда ушланган.

Шундан сўнг, Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро О.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 185-2-моддаси (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судига юборилган. Суд қарорига кўра, ушбу шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода пичоқ ушлаган эркак ёнида яна бир фуқаро борлиги ҳам кўринади. Бироқ расмий хабарда ушбу иккинчи шахс ҳақида алоҳида маълумот берилмагани қайд этилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда кўп қаватли уй йўлагида пичоқ кўтариб юрган эркак қамалди