Президент божхона ходимларини касб байрами билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни божхона хизмати ходимларини касб байрами билан табриклаб, идоранинг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги стратегик ўрнини алоҳида қайд этди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Давлат раҳбари мустақиллик йилларида божхона органлари миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, чегаралар дахлсизлигини мустаҳкамлашда ишончли таянч бўлиб келаётганини таъкидлади. “Янги Ўзбекистон” ислоҳотлари доирасида тизим замонавий, очиқ ва самарадор тузилмага айланиб, иқтисодиёт ривожига сезиларли ҳисса қўшаётгани айтилди.
Мурожаатда соҳага амалга оширилган ўзгаришлар натижасида божхона расмийлаштируви вақти 40 фоизга қисқаргани, декларацияларнинг 20 фоизи эса инсон аралашувисиз автоматик кўриб чиқилаётгани билдирилди.
Келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда давлат бюджетига божхона тўловлари 76,2 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошган. Уларнинг бюджет даромадларидаги улуши 25 фоизга етган.
Шунингдек, божхона органлари 1,2 триллион сўмлик ноқонуний товар айланмасининг олдини олгани, рискларни таҳлил қилиш босқичидаёқ талон-торож ҳолатларини аниқлаб тўхтатгани қайд этилди. Товарларни легаллаштириш ҳисобидан бюджетга қўшимча 2,3 триллион сўм тушум таъминлангани айтилди.
Но қонуний айланмадан 1,8 тонна гиёҳвандлик воситалари ҳамда 1,1 тонна психотроп ва кучли таъсир қилувчи препаратлар мусодара қилингани ҳам кўрсатиб ўтилди.
Президент Ўзбекистон божхонасининг халқаро нуфузи ошиб бораётганига эътибор қаратди: лаборатория ва кинология маркази минтақавий филиал мақомини олган, Божхона институти PICARD дастури стандартлари бўйича аккредитациядан ўтган, идора эса Жаҳон божхона ташкилотининг Аудит қўмитаси таркибига кирган.
Келгуси беш йилда “соя иқтисодиёти” улушини икки баробарга қисқартиришда божхонанинг ролини янада кучайтириш, шунингдек, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши арафасида тизим самарадорлиги ва масъулиятини ошириш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Бунда моддий-техника базани ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ходимларни муносиб рағбатлантириш устувор йўналиш бўлиши қайд этилди.
Давлат раҳбари хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхона ходимлари хотирасини ёд этиб, уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Мурожаат якунида президент божхоначиларга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!