Бизнес ниқоби ортидаги фирибгарлар халқни "чув тушириб" кетмоқда...

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказган йиғилишда уюшган жиноятчиликнинг “бизнес” кўринишига кириб, даромадли соҳаларда илдиз отиб бораётганини кескин танқид қилди. Давлат раҳбари бу тўдалар аввал “кўча” деб қаралган бўлса, бугун турли фирма ва “лойиҳа”лар ниқоби орқали одамларнинг ишончига кириб, катта пул айлантиришга ўтиб олганини таъкидлади.
Йиғилишда айниқса Тошкентда уй-жой олди-сотдиси атрофидаги фирибгарлик ишлари мисол қилиб келтирилди. Қайд этилишича, хонадон сотиш масаласида 3 мингдан зиёд фуқаро алданиб қолган ва умумий зарар 1,3 триллион сўмга етган. Бу рақам оддий статистика эмас — ҳар бир рақам ортида бир оила, бир орзу, бир умид тургани қайд этилди.
Давлат раҳбари Kun.uz ёритган ва шу сабабли тергов ҳаракатлари бошланган айрим қурилиш компаниялари фаолиятига ҳам тўхталди. Мисол тариқасида “Credit House” ва “In Fin Stroy Invest” каби қурилиш корхоналари квартира сотиш баҳонасида минглаб фуқарони алдаб, йирик маблағларни ўзлаштиргани айтилди.
Шу билан бирга, автомашина масаласида ҳам “осон” ваъдага ишониб қолганлар кўпайгани таъкидланди. “Умид Автолизинг”, “Ҳалол Автолизинг” каби компаниялар машина етказиб беришни ваъда қилиб, кўплаб инсонларнинг пулларини йиғиб олгани, одамлар эса кутиб-кутиб овора бўлиб қолгани қайд этилди.
Энг оғриқли жиҳат — ҳатто зиёрат йўналиши ҳам айримлар учун “даромад манбаи”га айланиб бораётгани. Йиғилишда “Жалолқудуқ Авиатранс” корхонаси Умра зиёрати бўйича фуқароларни алдагани, вазиятнинг ўзи эса жамиятда қаттиқ хавотир уйғотиши айтилди. Президент бу каби ишларга “Ўзбекистонда бўляпти бу гаплар” деган кескин урғу билан эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев масъулларга тўғридан-тўғри савол қўйди: нима учун бундай уюшган тузилмаларга вақтида чек қўйилмаяпти, нега одамлар фирибгарлар қопқонига тушиб қолмаслиги учун ҳуқуқий саводхонлик кучайтирилмаяпти? Давлат раҳбари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент раҳбариятига ҳам қатъий мурожаат қилиб, бу иллатга қарши амалда натижа талаб қилди.
Бу воқеалардан чиқадиган хулоса оддий: ҳозир фирибгарлар “кўча”да эмас, офисда, рекламада, чатларда ва “жуда ширин” таклифларда яшириняпти. Шунинг учун ҳар қандай уй-жой, машина ёки зиёрат хизмати таклифига келишишдан олдин ҳужжат, шартнома, лицензия, юридик манзил, компания тарихи ва ҳақиқий шарҳларни текшириш — бу энди “қўшимча эҳтиёт” эмас, ўзингизни ҳимоя қилишнинг минимал қоидаси.
Яхши тарафи: масала юқори минбарда очиқ айтилди — демак, энди бу мавзу “шовқин бўлмасин” деб ёпиб қўйиладиган даражада эмас. Энди асосийси — гап амалга айлансин. Халқ ишончи пулдан қиммат, уни “лойиҳа” деб сотиб бўлмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!