date

2026 йил 1 июлдан квартплата кечикса электр тўлови тўхташи мумкин

2026 йил 1 июлдан квартплата кечикса электр тўлови тўхташи мумкин

2026 йил 1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйларда мажбурий тўлов (квартплата)ни ўз вақтида тўламаслик янада қаттиқроқ назорат қилинади. Президентнинг 5 февралдаги кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қарорига кўра, агар турар жой мулкдори уйнинг банк ҳисобварағига мажбурий тўловни ойнинг 15-санасигача амалга оширмаса, унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш қарздорлик тўлиқ ёпилгунга қадар тўхтатиб қўйилади.

Яъни, “квартплата кейинроқ тўларман” деган кайфият энди электр тўлови бўйича ҳам “стоп”га урилиши мумкин. Мақсад эса битта: уйнинг умумий эҳтиёжлари учун йиғиладиган маблағларни барқарор қилиш ва қарздорлик занжирини узиш.

Уй пули аввало қаерга кетади?

Қарорда қайд этилишича, кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағидаги маблағлар ҳар ойда биринчи навбатда айнан уйнинг электр энергияси тўловлари учун йўналтирилади. Бу дегани:

- подъезд, зинапоя ва йўлаклар ёритилиши;
- лифт ишлаши;
- уй атрофи ҳудуд ёритилиши;
- насос ва бошқа умумий уй эҳтиёжлари.

Шу сабаб, мажбурий тўловларнинг кечикиши умумий тартиб-интизомга таъсир қилади: лифт тўхташи ҳам, йўлаклар қоронғулашиши ҳам айнан шу занжирдан бошланиши мумкин.

Кечиктирсангиз пеня ҳам қўшилади

Мажбурий тўловлар кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня (жарима) ҳисобланади:

  • юридик шахслар учун — 0,4%
  • жисмоний шахслар учун — 0,1%

Бир муҳим чеклов бор: пеня ҳар бир ой учун кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак.

Пеня маблағлари ҳам икки йўналишга тенг улушларда бўлинади:
- кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига;
- “Mening uyim” тизимини сақлаш харажатларини қоплашга.

Тўловларни қандай қилиш мумкин?

Қарорга кўра, мажбурий тўловлар фақат қуйидаги усулларда амалга оширилади:

- банк карталари;
- электрон тўлов тизимлари;
- банк кассалари.

Нима қилиш керак, муҳими “последний момент”га қолмасин

Энг тўғри йўл — 15-санани “қизил чизиқ” деб қабул қилиш. Қулай вариантлар:

- картангизда автотўловни ёқиш (имкони бўлса);
- телефонга ойлик эслатма қўйиш;
- қарздорлик чиқмасидан олдин тўловни 10–12 сана атрофида қилиб қўйиш.

Чунки кейин “электр тўловим ўтмай қолди” деган вазиятга тушиб қолмаслик — нервни ҳам, вақтни ҳам асрайди. Келажакда уй бошқаруви “қарзга яшаш” эмас, режа билан яшашга ўтиши керак — бу реал.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » 2026 йил 1 июлдан квартплата кечикса электр тўлови тўхташи мумкин