Тошкентда минглаб фуқаролар маълумотларини ўзлаштириб oлган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳрида ахборот тизимларидан фойдаланиб, фуқароларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган ва фирибгарлик йўли билан пулни ўзлаштирган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
Қайд этилишича, 1995 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида туғилган гумондор Фарғона вилояти ИИБ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ўтказган тезкор тадбир давомида фош этилган. У Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «г» банди (ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида қўлга олинган.
Тергов ҳужжатларига кўра, Фарғона тумани «Шоҳимардон» маҳалласида яшовчи фуқаро Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унда номаълум шахс Телеграм орқали боғланиб, ўзини “Греэн Био Фасе” МЧЖ вакили сифатида таништирган ва жабрланувчи “Омадли мижоз” лойиҳасида ғолиб бўлганини айтган. Фирибгар маиший техника харидининг 80 фоизи компания томонидан қопланишини, қолган 20 фоизини эса кўрсатилган банк картасига ўтказиш лозимлигини билдирган. Жабрланувчи ушбу гапларга ишониб, 3,5 миллион сўм пул ўтказиб берган.
Аниқланишича, гумондор Телеграмда “Греэн Био” номли саҳифа очиб, шу орқали алдов ишлари билан шуғулланган. Унинг телефони текширилганда, «Лактовита» номли тиббий маҳсулот савдоси билан шуғулланувчи корхона тизими орқали 6871 нафар мижознинг шахсий маълумотларини юклаб олгани маълум бўлган. Шунингдек, у Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқароларга нисбатан ҳам шу турдаги жиноятларни амалга оширгани қайд этилмоқда.
Қўлга олинган шахс ўз кўрсатмасида аввал сотув менежери лавозимида ишлаганини, ишдан бўшагач, мижозларга қўнғироқ қилиб, улар ютуқ қўлга киритганини айтган ҳолда пул ўтказдириб олганини ва маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини тан олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари фуқароларни номаълум шахсларнинг бундай алдовларига учмасликка чақирди.
Қонунчиликка кўра, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик учун катта миқдорда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!