Автобусда чиптасиз юрганларга 11 мингдан ортиқ баённома тузилди

Тошкентда жамоат транспортида йўл ҳақини тўламай ҳаракатланаётган йўловчиларга қарши назорат кучайтирилди. “Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси назоратчилари автобусларда “чиптасиз” юрадиганларга нисбатан рейд тадбирларини фаол олиб бормоқда.
Расмий маълумотга кўра, 2026 йил январь ойи давомида автобусларда чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-модда 5-қисми асосида жами 11 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилган ва тегишли жарималар қўлланилган.
Мутахассислар бу талаб “шунчаки жазо” эмаслигини, балки жамоат транспорти тизими барқарор ишлаши, хизмат сифатини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш учун ҳар бир йўловчи йўл ҳақини ўз вақтида тўлаши шартлигини таъкидламоқда. Назорат рейдлари эса мунтазам равишда давом эттирилиши билдирилган.
Қисқаси, энди “бир бекатгача-да” деган гап ўтмайди: карта/чипта борми — бор, йўқми — баённома.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!