date

Тошкентда суд қарорига норози эркак дарахтга чиқиб олди

Тошкентда суд қарорига норози эркак дарахтга чиқиб олди

Бугун, 1 апрель куни ижтимоий тармоқларда суд қарорларидан норози эркак Олий суд биноси олдидан дарахтга чиқиб олгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Олий суд расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 март куни фуқаро А. Ч. (1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Олий суд биноси яқинида дарахтга чиқиб, ўз жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларига норозилик билдирган.

Фуқаро пастга туширилган, унинг саломатлиги текширилган ва жароҳатлари йўқлиги аниқланган. Кейинчалик А.Ч. Олий суд раиси Бахтиёр Исломов томонидан қабул қилиниб, унинг шикояти расмий тартибда кўриб чиқиш учун қайд қилинган.

Маълумот учун, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра, А.Ч. Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация асослари) 2-бандига мувофиқ оқланган ва Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Биринчи инстанция суди ҳукми юқори судларда ҳам кўриб чиқилган ва ўзгаришсиз қолдирилган. Шунингдек, 2025 йил 29 ноябрь куни Олий суд раиси томонидан қабул қилинган қарорда А.Ч. суд қарорларини ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.

Олий суд баёнотида таъкидланишича, фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Улар Олий судга белгиланган тартибда эркин ва чекловсиз мурожаат қилишлари мумкин. Шу боис, ноодатий ёки хавфли ҳаракатлар орқали мурожаат қилиш ҳеч қандай фойда бермайди.

Аслида, Олий судга мурожаат қилиш учун дарахтга чиқиш ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар талаб қилинмайди. Барча масалалар қонун ҳужжатларида кўрсатилган расмий усуллар орқали ҳал қилиниши керак.

Суд аҳли фуқароларга ҳуқуқий маданиятни ошириш, мурожаат қилишнинг қонуний механизмларидан тўғри фойдаланиш ва ўз ҳуқуқларини расмий йўллар билан ҳимоя қилишни тавсия қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда суд қарорига норози эркак дарахтга чиқиб олди