Марғилонда йирик гиёҳвандлик контрабанда жинояти фош этилди (видео)

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ички ишлар органлари ва божхона тизими билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида олдиндан назоратга олинган шахс қўлга олинди.
Текширувлар жараёнида Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1973 йилда туғилган, аввал наркожиноят учун судланган фуқаро ўзининг қирғизистонлик алоқадор шахслари томонидан Хўжаобод тумани ҳудудида яширилган йирик миқдордаги гиёҳванд моддани қабул қилаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушлангани аниқланди. Ушбу яширин жойдан жами 24 килограмм 475 грамм “гашиш” моддаси олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарорига асосан гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, ушбу жиноий схемада иштирок этган бошқа шахсларнинг кимлиги аниқланмоқда.
Шу билан бирга, масъул идоралар фуқароларни бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига зудлик билан хабар беришга чақирди. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланган.