date

Тошкентда 22 ёшли йигит поезд босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

Тошкентда 22 ёшли йигит поезд босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

Тошкент шаҳрида 25 апрель куни Жалойир—Сергели темир йўл бекатлари оралиғида юк поезди 22 ёшли йигитни уриб юбориши натижасида у вафот этди.

Қайд этилишича, ҳодиса шанба куни тунги соат тахминан 02:00 ларда юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2004 йилда туғилган йигит темир йўл ҳудудида поезд остида қолган. Воқеа жойида қон излари сақланиб қолган бўлиб, ҳудуд кейинчалик тозалаб чиқилган.

Темир йўл кесишмасида навбатчиликни амалга ошираётган ходимнинг айтишича, воқеа пайтида Жалойир томондан келаётган юк поезди сигнал берган, кесиб ўтиш қисми ёпилган ва у поездни кутиб олиш учун чиққан.

Ходимнинг сўзларига кўра, поезд одатдагидек ҳаракатланиб ўтиб кетмай, тўхтаб қолган. Шундан кейин машинист пастга тушиб, тахминан 500 метр олдинда рельс устида инсон бўлганини, уни кеч пайқаганини ва тўхташга улгурмаганини билдирган.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, марҳум ҳодиса вақтида маст ҳолатда бўлган ва рельс яқинида ухлаб қолган бўлиши мумкин. Ҳодисадан кўп ўтмай жойга ички ишлар ходимлари, йўл-патрул хизмати ва бошқа масъул ташкилот вакиллари етиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда 22 ёшли йигит поезд босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди