Кешбэк ортидаги фирибгарлик: 3,2 миллиард сўм талон-торож қилинди

Фарғона вилоятида Soliq Mobile иловаси орқали амалга оширилган йирик молиявий фирибгарлик ҳолати фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, бир гуруҳ шахслар сохта савдо операциялари орқали давлат бюджети маблағларини ўзлаштиришга уринган.
Аниқланишича, фуқаролар М.Х., М.Х. ва К.И. ўзаро келишган ҳолда Telegram тармоғида бир нечта гуруҳлар ташкил этган. Улар мазкур платформалар орқали турли корхоналар номидан расмийлаштирилган харид чеклари учун кешбэк ҳуқуқини бошқа шахсларга онлайн тарзда сотиб келган.
Текширув жараёнида маълум бўлишича, 7 та масъулияти чекланган жамият томонидан амалда ҳеч қандай савдо ёки хизмат кўрсатиш ишлари бажарилмаган бўлса-да, сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган. Ҳужжатларда гўёки 3,3 триллион сўмлик маҳсулот ва хизматлар сотилгани кўрсатилган.

Шунингдек, сохта операциялар асосида онлайн назорат-касса тизимлари орқали харид чеклари шакллантирилиб, улар 211 мингдан ортиқ фуқаро номига расмийлаштирилган. Натижада Soliq Mobile тизими орқали умумий ҳисобда 28,5 миллиард сўмлик кешбэк шаклланган.
Ушбу маблағнинг 3,2 миллиард сўми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилгани аниқланган. Тергов органлари бу маблағлар ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинганини маълум қилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





























Изоҳлар 0
…