Навоийда рулда ухлаб қолиш аянчли фожиа билан якунланди

Навоий вилояти Томди туманида 10 июнь куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси аянчли якун топди. Рулда ухлаб қолган Cobalt ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида турли тан жароҳатлари олган ҳайдовчи шифохонага ётқизилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат ҳайдовчининг иш жойида ҳам муҳокама қилиниб, автоҳалокатга олиб келган асосий омиллар атрофлича таҳлил қилинган.
Мутасаддилар ҳайдовчиларга чарчоқ ҳолатида транспорт воситасини бошқармаслик, белгиланган тезлик меъёрларига амал қилиш, имконият бўлганда жамоат транспортларидан фойдаланиш ҳамда ишдан кейин етарлича дам олмасдан узоқ масофага йўлга чиқмаслик бўйича тавсиялар берган.
Шунингдек, чўл ҳудудларидаги узун автомобил йўлларида манзаранинг бир хил бўлиши кўзнинг тез чарчашига ва уйқу босишига сабаб бўлиши, бу эса оғир ва қайғули оқибатларга олиб келиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
ИИБ маълумотларига кўра, Навоий вилоятида 2026 йил бошидан буён ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши билан боғлиқ 10 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 12 киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.






























Изоҳлар 0
…