Кафедаги жанжал 23 ёшли йигитнинг умрига зомин бўлди

23 ёшли Абдурасул Аҳмаджонов асосий ишидан сўнг қўшимча даромад топиш мақсадида Фарғона шаҳридаги кафелардан бирида официант сифатида фаолият юритарди. Жорий йилнинг 12 апрель куни соат 21:10 лар атрофида у ва кафега келган мижозлар ўртасида можаро келиб чиққан.
Жанжал оқибатида Абдурасул оғир тан жароҳати олиб, зудлик билан шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, у кейинчалик вафот этган.
Марҳумнинг онаси ушбу иш бўйича фақат бир кишига нисбатан жавобгарлик чораси кўрилаётганидан норози эканини билдириб, Kun.uz нашрига мурожаат қилган. Унинг айтишича, ўғлига бир эмас, бир неча киши ҳужум қилган ва уни тепиб, оғир аҳволга солган.
Бироқ воқеа юзасидан сўроқ қилинган гувоҳлар бу даъволарни рад этган. Ҳозирда ҳодиса билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тергов давом этмоқда ва барча тафсилотларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…