Жазирама кучайди: Сурхондарёда юк машиналари ҳаракати чекланди

Сурхондарё вилоятида кузатилаётган кучли иссиқлар сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, қарор автомобиль йўллари қопламасини сақлаб қолиш, уларнинг муддатидан олдин шикастланиши ва деформацияга учрашининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати 42–44 даражагача, айрим ҳудудларда эса бундан ҳам юқори кўрсаткичларга етиши кузатилмоқда. Бундай шароитда асфалт қопламаси ҳарорати 70–80 даражагача қизиб, унинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада оғир юк машиналари ҳаракати йўл юзасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу муносабат билан, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунлар талабларига мувофиқ, Термиз шаҳри, туман марказлари ва уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.
Ҳокимлик юк ташувчи корхоналар ва ҳайдовчилардан белгиланган чекловларга қатъий амал қилиш, юк ташиш жадвалини ушбу тартибдан келиб чиққан ҳолда режалаштиришни сўради.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чоралар йўлларнинг техник ҳолатини сақлаш ва келгусида қиммат таъмирлаш ишларининг олдини олишга хизмат қилади.






























Изоҳлар 0
…