Президент 95 ёшли металлург отахонни электромобил билан мукофотлади (видео)

Президент 95 ёшли металлург отахонни электромобил билан мукофотлади (видео)

95 ёшли металлург, меҳнат фахрийси Ҳамид Андаев Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда электромобил совғасига сазовор бўлди. Учрашув давомида отахоннинг самимий ва ҳаётий нутқи йиғилганлар томонидан узоқ олқишлар билан кутиб олинди.

Сўзга чиққан Ҳамид Андаев ўзининг меҳнат фаолиятини эслаб, 1955 йил 15 март куни ҳарбий хизматдан қайтгач дарҳол иш бошлаганини ва 2003 йил 10 августгача узлуксиз меҳнат қилганини айтди.

"Эски ишчилардан битта ўзим қолдим. 1955 йил 15 мартда армиядан келиб, тўғри ишга кирганман. 2003 йил 10 августгача ишлаб, умримизни меҳнатга бағишладик. Худодан тилайманки, сизга менинг ёшимни берсин, бақувват бўлинг. Ўзбекистонни дунёга танитдингиз. Бу ҳали кам, олдинда қиладиган ишларингиз кўп", — деди меҳнат фахрийси.

Отахоннинг самимий тилаклари залда йиғилганлар томонидан қарсаклар билан қарши олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам меҳнат фахрийсига чуқур миннатдорлик билдириб, унинг фидокорона меҳнати ёш авлод учун чинакам ибрат эканини таъкидлади.

"Илоҳим, ниятларингиз ижобат бўлсин. Комбинат ва юртимиз равнақи йўлида қилган фидокорона меҳнатингиз учун сиздан миннатдорман. Сиз бугунги ёшларимиз учун ҳақиқий намунасиз. Айтганингиздек, биз ҳам сизнинг ёшингизга етганимизда сиздек бақувват ва тетик бўлиш насиб этсин", — деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг Президент мамлакатда электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини эслатиб, ушбу меҳнат хизматларини эътироф этиш рамзи сифатида Ҳамид Андаевга электромобил совға қилишга қарор қилганини маълум қилди.

"Мана шу электромобилни уйга миниб бориб, 'Президент совғаси' деб айтсангиз, мен бундан мамнун бўламан", — деди Шавкат Мирзиёев.

Сўнг давлат раҳбари тантанали равишда электромобил калитини меҳнат фахрийсига топширди. Ушбу лаҳза тадбир иштирокчиларининг узоқ давом этган олқишлари остида ўтди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар