Қашқадарёда 500 доллар пора олган директор 5 йилга қамалди

Қашқадарёда 500 доллар пора олган директор 5 йилга қамалди

Қашқадарё вилоятида ишга қабул қилиш эвазига пора талаб қилган мактaб директорига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Суд қарорига кўра, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Суд ҳужжатларига кўра, 62 ёшли Ф.Г. 2026 йил 26 февраль куни Миришкор туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирига директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Тайинловдан сўнг унга ходимларни ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ваколати берилган.

Орадан икки ойга яқин вақт ўтгач, Қарши давлат университетининг физика йўналишида таҳсил олаётган 4-босқич талабаси иш излаб мазкур мактабга мурожаат қилган. Тергов материалларига кўра, директор уни физика ўқитувчиси сифатида ишга жойлаштириш учун 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Талаба мазкур суҳбатни телефонига ёзиб олган ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Кейинчалик у келишилган маблағ ўрнига 6 миллион сўмни директорга топширган вақтда тезкор тадбир ўтказилган.

Маълум қилинишича, директор пулни олгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини кўриб, воқеа жойидан қочишга уринган. У олган пулни бедазорга улоқтириб, мактаб деворидан ошиб қочмоқчи бўлган. Бироқ тахминан 200 метр масофада қоқилиб йиқилган ва тезкор ходимлар томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор тумани суди Ф.Г.ни Жиноят кодексининг пора олишга оид моддаси билан айбдор деб топди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, у икки йил давомида давлат иштирокидаги ташкилот ва муассасаларда раҳбарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар