Тошкент — Сеул рейсида аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган ўзбекистонлик шифокор мукофотланди

Тошкент — Сеул рейсида аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган ўзбекистонлик шифокор мукофотланди

Ўзбекистонлик шифокор Ҳасан Комилов Тошкентдан Сеулга учаётган самолёт бортида аҳволи кескин оғирлашган аёл йўловчига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар берилган эди. 7 ноябрь куни шифокор «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, мукофот Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан пойтахтда ўтказилган тантанали тадбирда топширилган. Унда соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимлар давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Ҳасан Комилов Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, Тошкент давлат тиббиёт университети изланувчиси ҳамда тажрибали оториноларинголог ҳисобланади.

Ҳодиса жорий йилнинг 11 октябрь куни Тошкент — Сеул йўналишидаги HY511 рейсида содир бўлган. Парвоз вақтида аёл йўловчининг аҳволи тўсатдан оғирлашиб, у шок ҳолатига тушган. Танаси кўкариб, совиб кетган йўловчига самолёт бортида бўлган Ҳасан Комилов экипаж аъзолари билан биргаликда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган.

Шифокор ва экипажнинг тезкор ҳаракатлари натижасида аёлнинг аҳволи барқарорлашган ва у ўзига кела бошлаган. Ҳодиса ҳақида аввалроқ «Uzbekistan Airways» ҳам расмий хабар бериб, шифокорга миннатдорлик билдирган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар