10:11 / 03.10.2017
7 104

Президент вазирларга уйма-уй юриб аҳвол билан танишишни таклиф қилди

Президент вазирларга уйма-уй юриб аҳвол билан танишишни таклиф қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

ЎзА хабарига кўра, ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилишда аҳолига уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий объектлардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёевнинг 18 апрелда “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилган эди.

Вазирлик томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Давлат раҳбари тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузишни таклиф қилиб, 1-ишчи гуруҳ томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда 2-ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ҳолат ўрганилиши белгиланди, деб маълум қилди Qalampir.uz.

Асосий эътибор кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, кўмир етказиб бериш, санитар тозалаш каби масалаларга қаратилди.

Президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурлари ижросини танқидий қайта кўриб чиқиш, режалаштирилган чора-тадбирларни манзилли ва мақсадли амалга ошириш, маблағлардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни вилоятлар ва соҳалар кесимида эмас, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент вазирларга уйма-уй юриб аҳвол билан танишишни таклиф қилди