NVIDIA сунъий интеллект серверларида ҳаво совутиш тизимидан бутунлай воз кечмоқда

Дунёнинг энг йирик технологик гигантларидан бири бўлган NVIDIA корпорацияси ўзининг янги Rubin архитектурасига асосланган сунъий интеллект инфратузилмасида инқилобий ўзгаришни амалга оширди. Эндиликда кучли ҳисоблаш тизимлари анъанавий ҳаво совутиш тизими ўрнига тўлиқ суюқлик ёрдамида совутилади. Бу технология нафақат серверларнинг самарадорлигини оширади, балки маълумотлар марказларининг энергия сарфини кескин камайтириш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ixbt.com маълумотларига кўра, янги тизимда иссиқлик ташувчи суюқлик 45 °К ҳароратда ишлайди. Бу анъанавий ёндашувдан тубдан фарқ қилади, чунки илгари серверларни совутиш учун катта ҳажмдаги совуқ ҳаво, кучли вентиляторлар ва жуда кўп энергия талаб қиладиган музлатиш қурилмалари керак бўлар эди. Rubin архитектурасида эса суюқлик ёпиқ контур бўйлаб ҳаракатланиб, иссиқликни бевосита компонентларнинг ўзидан олиб кетади.
Энергия ва сув тежамкорлигида янги босқич
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, совутиш тизими ҳароратининг атиги 1 °К га кўтарилиши энергия харажатларини тахминан 4 фоизга қисқартириши мумкин. Масалан, 50 МВ қувватга эга бўлган йирик маълумотлар маркази учун бу йилига қарийб 4 миллион доллар иқтисод деганидир. NVIDIA тақдим этган янги ечим айнан мана шундай иқтисодий самарадорликка қаратилган бўлиб, сунъий интеллект тизимларини сақлаш харажатларини сезиларли даражада пасайтиради.Шунингдек, янги архитектура сув сарфини ҳам минимал даражага туширади. Анъанавий совутиш минораларига эга тизимлар ҳар 1 МВ қувват учун йилига 2,6 миллион галлон сув сарфлаши мумкин. NVIDIA компаниясининг ёпиқ сиклли суюқлик совутиш тизими эса бу кўрсаткични деярли нолга тушириш имконини беради. Бу айниқса экологик барқарорлик ва ресурсларни тежаш масаласи долзарб бўлиб турган ҳозирги даврда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Ихчамлик ва шовқинсиз ишлаш
Тизимнинг асосий мақсади чипларни муздек ҳолатда сақлаш эмас, балки уларнинг хавфсиз ҳарорат оралиғида барқарор ишлашини таъминлашдир. Суюқлик процессорга 45 °К ҳароратда кириб келади ва иссиқликни ютгач, 55 °К гача кўтарилади. Махсус совутиш пластиналари компонентларни хавфсиз чегарада ушлаб туради, ташқи қуруқ совутгичлар эса механик совутиш тизимларининг доимий ишлашига эҳтиёж қолдирмасдан иссиқликни чиқариб юборади.Энергия ва сув тежашдан ташқари, Rubin архитектураси серверларни анча ихчам ва шовқинсиз қилади. Илгари 6 та стойка бирлигини (У) эгаллаган тизим эндиликда атиги 2 та бирликка жойлашади. Бу эса маълумотлар марказларида жойдан унумли фойдаланиш ва инфратузилмани янада зичроқ жойлаштириш имконини беради. NVIDIA келажакдаги барча сунъий интеллект марказларини айнан шу каби самарали архитектура асосида қуришни режалаштирмоқда.






























Изоҳлар 0
…