Россияга ишлаш учун кетаётганларни «ношукр», «орзу-ҳавас қули», «енгил пул топишга кетган дангасалар» деяётган инсонларга:
Мен онаман! Ўғлим 4 йилдан бери Россияда. Уч хонали, чала битган бир қаватли уйим бор.
Турмуш ўртоғимнинг биттагина шалоғи чиққан велосипеди бор.
Ўғлим уйланадиган ёшда, қизим узатиладиган. Орзу-ҳавас билан, данғиллатиб тўй қилиш ниятим йўқ, чунки тўйдан кейин ҳам ҳаёт бор.
Тўрт қаватли тугул икки қаватли уй қуриш ниятимиз ҳам йўқ, чала уйларимни битириб олсам шунисигаям Худога шукр қиламан.
Боламни бағримдан юлиб ўзга юртларга жўнатиш ҳавас эмас эди. Шароит мажбур қилди.
Турмуш ўртоғимни топгани тўловлардан ортмади, рўзғорга етмади. Ўғлим мактабда ўқиб юрган чоғидаёқ ҳунар олган, машина тузатади, нон ёпишни билади. Лекин ҳунарлари билан ҳам бу ерда нон топа олмади. Машина тузатиш учун устахона, нон ёпиш учун нонвойхона, уларни қуриш учун жой ва ҳаммасига отни калласидай пул керак.
Қийналганга ким ёрдам берди ва беряпти?
Иш бошлаш учун жой сўрасангиз «ортиқча ер йўқ» деган ҳокимларми? Яшаш шароитимизни кўриб «шунчалар ҳам дангаса, боқиманда бўласанми, уй-жойингни ремонт қилиб, одамдай яшасанг ўласанми» деган хотин-қизлар қўмитаси раисларими? Яхшики бирортасига тишимни оқини кўрсатиб ёрдам сўрамадим, ор қилдим.
Мажбуран коллежга жойланган ўғлимни йўл кираси-ю, тушлиги учун пул топиб беролмаганимдан, ҳунарини ишлатишга имконият яратиб беролмаганимдан болам ўқишни ташлаб Россияга кетди. Ўйинқароқликдан эмас, ҳавас учун эмас, ишлагани кетди. 19 яшар ўғлини бегона юртга жўнатган она тинчгина доллар санаб ўтиради деб ўйласангиз адашасиз. Жонини ярми, эс-ёди ўша бегона юртларда бўлади. Ҳар гал дастурхон устида ўтирганда ҳар чайнаётган луқмасини боласига илиниб ўтиради. Сиз буни тушунмайсиз.
Тўрт йилдан бери четда ишлаб, яшашимизга кифоя қиладиган уй-жой қура олди холос, ўғлим. Лекин ўзимизда ишлаганда шу ҳам йўқ эди. Ўтган йили маҳаллада бир миллион пул тикиб, кичкинагина дўконча очганди. Дадам қариб қолдилар, мардикорчилик қилмасинлар энди деб. Кунига 70-80 минг савдо бўлади, шундан 10-15 минг фойда тушади. Энди шу кичкинагина дўконни солиғи ойига 300 минг сўм. Ундан ташқари электр тўлови ҳам аҳолидан қимматроқ тўланади. У ёғини ўзингиз ҳисоблаб кўринг.
Буларни ношукрликдан, бир нима умидида ёзмаяпман. Сизнинг маломатларингиз жон-жонимни ўйиб юборганидан, шундоқ ҳам кунда минг бора эслаб, Худодан паноҳ тилаётган фарзандимни қийналиб топаётган пулини анчагина қисмини дори-дармонимга ишлатиб қўяётганимдан, ўзимни айбдор санаётганимдан ёзяпман. Россияга ишлашга кетганлар орзу-ҳавас илинжида кетмаяптилар. Бу ерда тополмаганларини четдан қидириб кетяптилар.
Бир тумандан шунча йигит бир кунда четга чиқиб кетиши ўша туманда шароит оғирлигини билдиради. Бизнинг қишлоқда ҳам 450 хонадон бўлса, шундан 200 та хонадонни боласи Россияда. Хотин-бола-чақасини олиб кетганлар ҳам бор. Улар қайноғасини уйланиши учун уй бўшатиши керак, кўчиб чиққани уйи йўқлар. 300 минг сўм ойлик маошини на рўзғорга, на тўловларга, на орзу-ҳавасига етказа олмаганлар.
Бундан ортиқ ёзолмайман. Мусофирларни айблашдан олдин уларнинг оналаридан бир ҳол сўранглар.
Дилафзо- Умида Каримова
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади