21:55 / 07.02.2018
6 212

Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвони эълон қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвони эълон қилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатво эълон қилинди.

"Шу кунларда ушбу мавзу кун тартибига чиқди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто, айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди", дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-порталида жойлаштирилган хабарда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков ўтган йилнинг 16-17 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишида иштирок этди. Ушбу йиғилиш кун тартибида айнан сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари мазкур мавзу доирасидаги барча жиҳатларни ўрганиб чиққандан кейин "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвони эълон қилди.

Фатвога кўра:

Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир.

Сунъий уруғлантириш амалиёти учун ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт.

Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан манъ этилади.

Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг манъ этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар.

Фатвонинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвони эълон қилди