21:51 / 27.06.2018
4 663

Нега музқаймоқ еганда бош оғриши мумкин?

Нега музқаймоқ еганда бош оғриши мумкин?
Иссиқ ёз кунида музқаймоқ ейиш — салқинлаш учун энг яхши чоралардан бири. Бироқ «Business Insider» ёзишича, ҳамма севиб истеъмол қилувчи бу ширинлик бош оғриғига сабабчи бўлиши мумкин: «British Medical Journal»да шу мавзуда махсус тадқиқот натижалари чоп этилди.

Сабаби нимада?

Бу оғриқнинг ўзига хослиги музқаймоқ еган кишига бир зум унинг бош мияси музлаб кетаётгандек туюлишидир. «Миянинг музлаши» энг кўп тарқаган бош оғриқ турларидан бири, ҳар учинчи одамга бу таниш муаммо. Бироқ келиб чиқиш сабаблари кам ўрганилган.

Экспертлар эса буни инсон организмининг совуққа қарши реакцияси деб ҳисоблашади.

«Тадқиқотларимиз музқаймоқ еган пайтдаги бош оғриғи бош мияда қон айланиши 50 фоизга кўпайиши билан бирга кечишини кўрсатди», — дейди Галле университети ходими Оле Ҳензел.

Совуқ танглайга таъсир қилиб, оғиз бўшлиғи, жағ ва кўзларни мия билан боғловчи нерв толаларини қўзғатади. Кейин ҳимоя реакцияси ишга тушади: организм мияга иссиқ қон юборишни бошлайди. Қон оқимининг кескин ўзгаришидан бош оғриғи пайдо бўлади. Қўзғатувчи йўқолиши билан оғриқ ҳам ўтиб кетади. Бу ҳимоя механизми ҳаётий муҳим органларнинг қон билан таъминланишини барқарорлаштириб, уларни совуқдан ҳимоялайди.

Хавфли эмас

Музқаймоқ еган пайтдаги бош оғриғи хавфли эмас. Бу пайтда оғриқни қолдирувчи воситаларни қабул қилиш шарт эмас. Бир қултум илиқ сув билан оғизни чайиб, тил ёрдамида танглай иситилса оғриқ тез йўқолади.

Хулоса: музқаймоқни секин-аста, кичик бўлакларга бўлиб, танглайга теккизмасдан ейиш керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нега музқаймоқ еганда бош оғриши мумкин?