23:53 / 06.08.2018
3 321

Акулалар уммонда, тўрда фақат майда балиқлар

Акулалар уммонда, тўрда фақат майда балиқлар
Коррупцияга қарши курашга анча жиддий киришилгани тобора кўзга ташланмоқда. Ахборот дастурларининг ҳар бирида пора билан қўлга тушганлар ҳақидаги лавҳалар ўрин олган. Аммо уларда ҳар доим ҳам давлатга жиддий ва катта миқдорда зарар етказаётган ҳақиқий йирик коррупционерлар намойиш қилиняптими? Буниси энди катта савол.

Оммавий ахборот воситаларининг овози тобора кучлироқ жарангламоқда. Аммо уларнинг вазифаси фақат бор ахборотни тарқатиш, йўғини ва асосланмаганини оммага тақдим эта олмайди. Ахборот дастурларида турли-туман соҳаларда пора билан қўлга тушаётганлар устма-уст намойиш этиб турилибди. Мазмун ва тасвир айтарли бир хил, қанчадир миқдордаги доллар чўнтакдан ёки стол тортмасидан чиқади, махсус нур йўналтирилганда қўллар ва пулларда пора деган ёзув акс этади, олғувчи бошини чангаллайди, кейин пулни нима мақсадда олаётганини очиқ-ойдин айтиб беради.

Порахўрликка курашиш шарт албатта. Лекин кураш шиддати ва кўлами майдалашиб кетиши яхши эмас. Ҳамма жуда яхши билади, бундай тадбирлар натижасида фақат дастлабки бўғинлар қўлга тушаяпти, яъни саккизоёқнинг фақат бир тирноғигина кесилмоқда. У бошқа оёқларидан фойдаланаверади, унгача кесилган тирноғи ҳам яна ўсиб чиқади.


Аксарият институтларнинг кичик амалдаги ўқитувчилари пора билан қўлга тушишяпти. Лекин юз фоиз аёнки, уларнинг ўзлари бу ишни амалга ошира олишмайди, бу пулларнинг борар манзили бошқа. Аммо лавҳаларга кўра тадбирлар фақат ўша майда балиқларгагина қарши курашга қаратилган. Ҳақиқий акулалар уммонда яйраб сузиб юришибди ва билганларини қилишмоқда.

Яна бир лавҳага эътибор беринг, мактаб директори фаррошликка (!) ишга қабул қилиш учун 200 доллар пора сўраган ва 100 доллар билан қўлга тушаяпти. Ўзи шундоқ ҳам турли туман текширишлару мажбурий меҳнатдан ўнгиб кетган директорнинг юзи бу ҳолатда янаям тиришиб қолган. Албатта, ҳар қандай пора пора, ҳар бирига қарши курашиш лозим. Лекин наҳот порахўрликка қарши кураш шу қадар майда ишлардан иборат бўлса?

Қани катта порахўрлар?!

Республика миқиёсидаги жуда катта амалдорлар йирик коррупция айбловлари билан ишдан четлаштирилгани, ҳатто ҳибсга ҳам олингани тўғрисида хабарлар ўз тасдиғини топиб бўлган. Аммо улар олган поралар миқдори, қаерда сақлангани ҳамон сир сақланаяпти. Тўрга тушган майда балиқчаларга тутилган ондаёқ порахўр тамғаси ёпиштирилиб, айблари бўйинларига қўйилаётган, ўзлари ҳам тан олаётган бир пайтда ҳақли саволлар туғилади, албатта.

Қонун ва жазо фақат кичик амалдорлар учунми? 100 доллар пора деб жар солинадию, 100 минг, миллион долларлар аста-секин бости-бости қилиниб, унутиб юбориладими?

Рашид Қодиров иши қандай бормоқда, фаолияти жиноий гуруҳга тенглаштирилган МХХнинг собиқ ходими Нодир Тўрақуловга қандай жазо берилди, «Ўздонмаҳсулот» компанияси раҳбари Суръат Ҳайдаров қўлга олинди, аммо унга қандай расмий айблов қўйилди, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳам ҳибсда, лекин нега терговнинг бориши ҳақида оммага ахборот берилмайди? Энг қизиғи, бу шахслар давлатга ва жамиятга етказган зарарнинг ҳеч бўлмаса тахминий ҳисоб-китоби борми?

Хуллас саволлар бисёр, жавоблардан бўлиши душвор...
Аброр Зоҳидов

Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Акулалар уммонда, тўрда фақат майда балиқлар