06:30 / 27.08.2018
4 158

Хива электр тармоқлари корхонаси ва банк ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди

Хива электр тармоқлари корхонаси ва банк ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди
Хива тумани электр тармоқлари корхонаси, «Халқ банки"нинг ушбу туман филиали ва бошқа субъектларида фаолият кўрсатган бир гуруҳ шахслар ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идора ходимларининг тезкор сайъ-ҳаракатлари би­лан ушланди ва 24 нафар қо­нунбузар суд жавобгарлигига тортилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Бакдурдиев «Газета.uz"га маълум қилди.

Бу жиноий тўдани «Халқ банки"нинг туман филиалида кассир вазифасида ишлаган (1990 йили туғилган) Қудрат Юнусов бошқарган. Жиноий гуруҳ таркибидан туман электр таъминоти корхонаси раҳбари, ишчи, ҳатто сартарошлар, гуруҳ етакчисидан 20−30 ёш катта бўлган шахс­лар ҳам ўрин олган.

Мазкур жиноий қилмиш 2016 йилнинг илк ку­ни иккита манбадан туман электр таъминоти корхонасига аслида келиб тушмаган 6 миллион 595 минг сўм пулни «кирим» қилишдан бошланган ва то 2017 йилнинг куз ойларигача хуфёна давом этган. Ўша куни даст­лабки қўш «тадбир» банк кассири Қ. Юнусов ва беҳисоб бойликнинг дарагини эшитиб, тинчини йўқотган электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Шуҳрат Султонов, корхонада етакчи ҳисобчи вазифасида ишлаган Фахриддин Маҳмудов, ҳисобчи Шодлик Собиров, оператор Жалолиддин Аниёзов, электр пайвандчи Рашидбек Мадримов иштирокида силлиққина амалга ошди.

Корхонага келиб тушаётган пулларни махсус «калит» — код орқали кирим қилиш вазифасини адо этаётган Ш. Султонов ва У. Алланазаров кассир Қ. Юнусовнинг илтимосини ерда қолдиришмади. Маълум ваъда эвазига банк ва корхона сирини кафолотловчи ўша «калит» — код рақамини ҳеч иккиланмай унга ошкор этишди. Натижада корхонага келиб тушмаган 6 миллион 595 минг сўм, электр энергияси истеъмолчилари рўйхатидаги 17 нафар фуқаро ҳисобига ёзилди. Улар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси эвазига топширилган пул эса, ўртада «арра» қилинди. Озгина миқдор пул эвазига катта ҳажмдаги қарз­дорликни бартараф этишга қаратилган таклиф фуқаролар томонидан хайрихоҳлик билан қабул қилингани уюшган гуруҳ аъзолари учун айни муддао бўлди.

Ишлар қизигандан-қизиди, юришгандан-юришди. Оз эмас, нақ 884 маротаба қайд қилинган жиноий ҳолатлар асносида давлат ғазнасига кирим қилиниши зарур бўлган 1 миллиард 445 миллион сўм гуруҳ аъзоларининг «хуфя чўнтаги"дан жой олди. Қадимий шаҳар ва тумандаги ўн­ларча корхона-ташкилотлар, банк муассасаларидан аслида келиб тушмаган юзларча миллион сўм­ни ифода этувчи пуллар махсус кодлар ёрдамида электр таъминоти корхонаси жорий ҳисоб рақамига кирим қилинди ва фуқароларнинг оз миқдордаги тўлови эвазига катта миқдордаги қарз­дор­ли­гини бартараф этишга хизмат қилди.

Орадан кечаётган кунлар ва ойлар мобайнида электр таъминоти корхонасига келиб тушаётган миллиардларча маблағнинг «чўғи» сўнаётгани, даромаддан барака қочаётгани, мутасаддилар қанча уринишса-да, жамоанинг бири иккига бўлмаётгани маълум бўлиб борди ва бу ҳол со­лиқ ор­гани эътиборини ўзи­га торт­ди.

Корхонада рўй берган йирик ўпирилиш ўтган йил куз чоғи бошланган тафтиш тадбирларининг илк палласидаёқ ошкор бўлди. Факт­лар 2016 йилнинг январидан 2017 йилнинг октябрь ойи­гача жами 884 та ҳолатда содир этилган жиноий қилмишларнинг барчасида «Халқ банки"нинг корхонадаги шахобчасида кассир вазифасида ишлаган Қ. Юнусовнинг қўли борлиги, амалга оширилган пул тушириш ва «ювиш» операцияларининг ҳаммаси унинг фаол иштироки ва норасмий раҳбарлиги остида кечганини кўрсатди.

Маълум бўлишича, устомон ғазначи ўзлаштириш ва талон-торож қилиш йўли билан мўмай бойлик орттиришга қаратилган давомли жиноятларни гоҳида у, гоҳида бу, гоҳида яна бирови, бошқа гал яна бир ҳамтовоғининг фаол кўмагида амалга оширган. Олиб борилган тафтиш ва тергов ҳаракатлари оз эмас, нақ 536 та ҳолатда ўзлаштирилган салкам 677 миллион сўм Қ. Юнусов, Ш. Султонов, Ш. Собиров, Ж. Аниёзовларнинг «ғаройиб ўйини» натижаси бўлганини кўрсатди. Ушбу давомли тадбир асносида нақд 3 993 нафар фуқаронинг кўп миқдордаги қарзи арзимас ҳажмдаги тўлов эва­зига пинҳона тарзда бартараф этилган. Натижа эса, чаккимас: нақд 677 миллион сўм жиноятчиларнинг чўнтагига оқиб кирган.

Жиноий гу­руҳ ҳо­мийси бошқа бир «ғаройиб тадбир"ни энергия таъминоти корхонаси ҳисобчилари, кодланган махсус калит эгалари: Ф. Маҳмудов ва Ш. Собиров билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириб борган. Бунинг оқибатида 1 086 нафар истеъмолчи оз миқдордаги тўлов ҳисобига катта миқдордаги қарзидан халос этилган. Бу иш 328 та ножўя ҳолат асносида рўёбга чиқади. Қ. Юнусов жами 20 та жиноий ҳолатни ўзида жам этган ва 19,5 миллион сўм миқдоридаги пулни ўзлаштириш ҳамда талон-торож қилишга олиб келган бошқа бир жиноий режани эса, шериги Ж. Аниёзов билан ҳамкорликда амалга оширган ва бу жараёнда яна 143 нафар фуқарога «холис хизмат» кўрсатилган.

Факт ва далиллар бундай қинғирликларда корхона раҳбари Рашид Нуруллаевнинг корхонада рўй берган аксарият қинғирлик ва ўғирликлар унинг кўз ўнгида, янада ачинарлиси, фаол иштироки, шахсий бойлик илинжидаги «хурмача қи­лиқ"­лари оқибатида юз берганлигини кўрсатди. У амалини суистеъмол қилган ҳолда ўзига бўйсунадиган шахс­лар: етакчи ҳи­собчи Ф. Маҳмудов, муҳандис Ш. Султонов, оператор Ж. Аниёзов томонидан қўшқўллаб тутқазилган нақд 35 миллион сўмни корхонага келган меҳмонларга сарф-харажат қилдим, деган баҳонада ўз «жиғилдони"га жойлаб қўя қолди.

Тергов ҳаракатлари бу сафда анча юқо­ри ва нуфузли ташкилот — Хоразм Ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти энергия сотиш ва унинг ҳисобини юритиш сектори бошлиғи Сардор Юсупов ҳам анча «фаоллик» кўрсатганини исботлади.

Аниқланган факт­ларга қараганда, масъул лавозимли бу шахс туман электр таъминоти корхонасидаги кимсаларнинг «ҳотамтойлиги» туфайли 7 миллион 400 минг сўм ва 200 АҚШ долларини ўзлаштирган.

Аслида йўқ пулларни корхонага кирим қилиш, ўзлаштириш, махсус калитлар ёрдамида махфий рақамларни бемалол ошкор этишдек жиноий ишга берилган кимсалар пайти келганида ўзларига шерик излаб топиш ва жараёнга жалб этишга киришдилар. Истеъмолчилардан пул ундириш ва уни давлат ғазнасига жойлашдек масъулиятли вазифага асло дахли бўлмаган қатор шахслар, чунончи, ушбу корхонада назоратчи, электромонтёр вазифаларида ишлаган Шихназар Олланазаров, Муборак Аҳмедова, Арслонбек Матчонов, Маҳмудбек Матёқубов, Ёдгор Машарипов, Ҳасанбой Машарипов, Отабек Рустамов, Маҳкамбек Самандаров, электромонтажчи Мансурбек Сафоев, Хива шаҳридаги Туризм касб-ҳу­нар коллежи ҳисобчиси Анварбек Собиров, шаҳардаги 121-сонли кўзи ожизлар мактаб-интернати бош ҳисобчиси Равшан Солаев, Тиббиёт коллежи бош ҳисобчиси Ҳур­­­мат Юсупов, «Микрокредитбанк"нинг шаҳар филиали ғазначиси Сардорбек Хў­жаев, «Капитал­банк"­нинг «Ичон қалъа» шаҳобчаси мутахассиси Санжар Юсупов, сартарош Жуманазар Жуманиёзовлар ҳам бу жиноятга бош қўшган. Озгина тўлов эвазига катта миқдордаги қарздорликдан қутулиш пайида юрган бир қатор фуқаролар пуч ваъдалар, авраш, алдаш, ишонтиришга қа­ратилган «тарғибот-ташвиқот"лар таъсирида ҳамтовоқлар томонидан қў­йилган тузоққа тушиб қолганини ўзлари ҳам сезмагандек туюлади.

Суд ва тергов жараёни айбланувчилардан Ш. Сул­­тонов, Р. Солаев, Ҳ. Юсупов, Р. Нуруллаев, С. Юсуповнинг иши аввал ҳам судга тушгани, жавобгарлик ва жазога рўпара бўлишгани, бошқаларни эса, бундай чоҳга электр таъминоти корхонаси ва номи зикр этилган идора, ташкилот, муассасаларда юзага келган носоғлом маънавий-ахлоқий муҳит етаклаб келганини рўй-рост кўрсатди. Гуруҳ раҳнамоси Қ. Юнусов эса, халқ ва давлатнинг беҳисоб бойлигини талон-торож қилиш, ўз­лаштириш ҳисобига бир йўла иккита «Нексия» автомашинасини сотиб олгани ва уларни ўз яқинлари номига расмийлаштиргани суд жараёнида қайд этиб ўтилди.

Судда уюшган жиноий гуруҳнинг қилмишларига қонуний, адолатли ва холис баҳо берилди. Жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Ўзгаларнинг ҳалол ошига кўз тиккан, қўл чўзганлар ҳақли ва мантиқий равишда эл нафрати, қонун сўрови, пировардида эса, адолатли жазога рў­пара келдилар.

Тергов органи томонидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167−205−209−228−243-моддалари қатор бандлари бўйича қў­йилган айбларнинг деярли барчаси судда ўз тасдиғини топди. Аксарият судланувчилар корхонада юз берган қилмишнинг оқибати ва асоратини яққол ил­ғаб, айбини чин кўнгилдан тан олдилар, унга астойдил пушаймонлик билдирдилар. Корхонага ва давлат ғазнасига етказилган 1 миллиард 445 миллион сўмлик иқтисодий зиённинг 902 миллион сўми суд ва тергов жараёнида солидар тартибда қоплангани ушбу иқ­рорликнинг ифодаси бўлди. Суд қопланмай қолаётган 542 миллион сўмни солидар тартибда ундириш бўйича маҳкум Қ. Юнусов, Ш. Собиров, Ж. Аниёзов, Ш. Султонов, Ф. Маҳмудовлар зиммасига юклади. Етказилган молиявий зиённнинг асосий қисми шу пайтгача судланувчилар томонидан қоплангани, қилмишга астойдил пушаймонлик билдирилгани, уларнинг оилавий шарт-шароитлари ва берилган тавсифномалар жазони жиддий равишда енгиллатувчи ҳолат сифатида эътироф этилди. Аксарият қилмишлар бирмунча жиддий жазо чораларини тақозо қил­са-да, судланувчиларнинг деярли бари бундай оғир қисматдан холи қолдирилди.

Озодликдан маҳрум қилишга қаратилган оз муддатли жазо чоралари жиноий тўда етакчилари сифатида эътироф қилинган Қудрат Юнусов, Шуҳрат Султонов, Шодлик Собиров, Жалолиддин Аниёзовгагина қўлланилди. Фахриддин Маҳмудов, Улуғбек Аллазаров, Рашидбек Мадримов, Сардорбек Хўжаев, Рашид Нуруллаев, Санжар Юсуповлар ойлик маошнинг муайян қисмини ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Энг кам ойлик иш ҳақининг 10 дан 30 бараваригача бўлган миқдордаги жарима жазоси Ш. Олланазаров, М. Аҳмедова, А. Матчонов, М. Матёқубов, Ё. Машарипов, Ҳ. Машарипов, О. Рустамов, А. Собиров, Р. Солаев, М. Самандаров, М. Сафоев, С. Юсупов, Ж. Жуманиёзов, Ҳ. Юсуповларга нисбатан қўлланилди. Шунингдек, судланувчилар муайян муддатгача мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қи­линди.

Қудрат Юнусов, Шуҳрат Султонов, Жалолиддин Аниёзов, Шодлик Собиров даст­лабки босқич судининг ҳукмидан сўнг ўзлари томонидан етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланганини маълум қилдилар. Бу ҳолат прокуратура органининг эътиборини тортди. Вилоят прокурори ўринбосари судга протест билан мурожаат қилиб, зарар бартараф этилгани муносабати билан маҳкумларга нисбатан қўлланилган жазо чорасини енгиллаштиришни сўради.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши ҳам айнан шу мазмундаги кафолат хатини йўллади. Юзага келган бу ҳолат аппеляция босқич судида жиддий ва муфассал муҳокама этилди. Унинг якунида маҳкум Қудрат Юнусовга нисбатан Жиноят кодексининг бир мунча енгил жазо тайинлашни кўзда тутувчи 57-моддасини қўллаш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Натижада унга нисбатан 2 йилу 11 ойдан иборат озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Маҳкумлардан Ш. Султонов, Ж. Аниёзов, Ш. Собировларни озодликдан маҳрум этиш ҳақида аввал чиқарилган суд ҳукмлари эса, иш ҳақининг муайян қисмини ушлаб қолган ҳолда тегишли муддатга ах­лоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Муқаддам озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилган бошқа бир маҳкум — Ҳ. Юсуповнинг жазодан бутунлай озод этиш ҳақидаги аризаси эса, асоссиз, деб то­пилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)