Ноннинг нархи ошмоқда: кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга ойлик компенсация тўланади

  • 15-09-2018, 08:31
  • 1 835
  • Жамият
  • Ноннинг нархи ошмоқда: кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга ойлик компенсация тўланади
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 13 сентябрдаги №731-сонли қарори қабул қилинди.

    Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб:
    • 1 кг 1-нав буғдой уни учун улгуржи сотиш нархини 1400 сўм миқдорида белгилаш (1 ноябргача буни ҳам бекор қилиш);
    • Қолипли нонни талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотиш;
    • «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналари томонидан спирт ишлаб чиқарувчилар ва чорвачилик (паррандачилик, балиқчилик) корхоналарига дон, шунингдек, олий навли буғдой унини биржа савдолари орқали чекловларсиз сотиш тартиби жорий этилмоқда.

    2018 йил 1 октябрдан бошлаб:

    - Ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир нафақа олувчига;

    - Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши жорий этилмоқда.

    Ҳукумат қарори билан белгиланмоқдаки:

    а) 2018 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланадиган нафақа энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан қуйидаги миқдорда тўланади:
    • бир нафар фарзанди бўлган оилага — 60 фоиз;
    • икки нафар фарзанди бўлган оилага — 100 фоиз;
    • уч ва ундан кўп фарзанди бўлган оилага — 140 фоиз;

    б) пул компенсацияси Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади;

    в) заруратга кўра, бозорда дон ва ун нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида истеъмолчиларга сотиш учун давлат захирасидан дон чиқариш таъминланади.

    » » Ноннинг нархи ошмоқда: кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга ойлик компенсация тўланади