23:04 / 17.09.2018
5 349

Миржалол Қосимов 48 ёшда - У ҳаётидаги энг муҳим голни уролмади, аммо барибир жаҳон чемпиони бўлди (фото)​

Миржалол Қосимов 48 ёшда - У ҳаётидаги энг муҳим голни уролмади, аммо барибир жаҳон чемпиони бўлди (фото)​
Ўзбек футболининг тирик афсонаси Миржалол Қосимов бугун 48 ёшни нишонламоқда. У ҳақда жуда кўп мақолалар чоп этилган, телекўрсатувлар эфирга чиққан, ҳатто китоб ёзилган. Унинг футболдаги ҳар бир қадамини мухлислар синчиклаб кузатиб келишган. Аммо, фаолиятидаги бир воқеани кўпчилик билмаса керак.

1987 йил 25 июль куни Канаданинг Торонто шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финали бўлиб ўтди. Унда Нигерия ва СССР терма жамоалари баҳс олиб боришди. 17 ёшли Миржалол Қосимов бу ўйинда иштирок этиб, жуда муҳим вазиятда дарвозани ишғол этолмади. Футболчи бу ҳақда Ахбор Имомхўжаевнинг «Ўзбегимнинг Миржалоли» китобида гапириб берди.

«Ўйин бошланиши билан рақиб ҳужумга ўтди. Улар тўпни назорат қилишга асосий эътиборни қаратдилар. Биз эса қарши ҳужумда ҳаракат қила бошладик. Шундай ҳужумларнинг бирида тезкор гол урдик. 6-дақиқада Юрий Никифоров Нигерия дарвозасини ишғол этди.

Аммо, қувончимиз узоққа чўзилмади. Орадан беш дақиқа ўтгач, Фету яқин масофадан дарвозамизга гол урди - 1:1.

Иккинчи бўлимда ташаббус биз томонда бўлди. Аммо шу куни барча ҳимояда хато қилмасликка ҳаракат қилди. Натижада, ўйинда ҳисоб ўзгармай, пенальтилар сериясигача етиб борди.

Пенальтилар сериясини биз бошлаб бердик. Беженар илк зарбани голга айлантирди - 1:0. Нигериялик футболчининг зарбасини дарвозабонимиз Окрошидзе қайтара олди. Матвеев ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Эке гол уриб, фарқни қисқартирди - 2:1.

Тўп тепиш навбати менга келди. Дарвозабонни чалғитишга ҳаракат қилдим, аммо тепган тўпим дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетса бўладими... Ваҳоланки, аниқ йўллаганимда, дарвозабон уни ушлаб қололмасди, чунки, бошқа бурчакка сакраган эди...

Шундан сўнг, нигериялик футболчи ҳам пенальтида адашди. Никифоров эса совуққонлик билан гол уриб, ғалабамизни таъминлади» - деб Миржалол Қосимов сўзларини келтирмоқда Ахбор Имомхўжаев.

Пенальтилар сериясида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган СССР терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлди. Миржалол Қосимов тақдирлаш маросимида жаҳон кубогини боши узра кўтарди.

Миржалол Қосимов жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган ўзбек футболи тарихидаги ягона ўйинчидир. У футболчи сифатида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этолмади, бу унга армон бўлиб қолди. Мураббий сифатида иштирок этиш учун эса унда ҳали имконият бор.

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миржалол Қосимов 48 ёшда - У ҳаётидаги энг муҳим голни уролмади, аммо барибир жаҳон чемпиони бўлди (фото)​