09:53 / 29.10.2018
6 912

"Turon24" суриштируви: Оққўрғонда нима бўлган эди?

"Turon24" суриштируви: Оққўрғонда нима бўлган эди?
Ижтимоий тармоқларда уст-бошини ечмасдан ариққа тушиб, тизза бўйи сувда турган олти эркакнинг сурати кенг тарқалди. Ҳатто Меҳнат вазирлиги ушбу фотосурат олинган жой ва бунга сабаб бўлган вазиятни аниқлашга ёрдам берадиган ҳар қандай ахборотни тақдим этишни сўраб жамоатчиликка илтимос билан чиқди. Кейинчалик воқеа 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида рўй бергани, суратдаги олти киши буғдой вақтида суғорилмагани учун бир гуруҳ мансабдорлар кўз ўнгида жазолангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистонликлар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеа бўйича "Turon24" суриштирув ўтказди.

Воқеа қаерда бўлган?

Айрим сайтлар хабар тарқатганидек, воқеа “Озод” МФЙда бўлмаган. Оққўрғонда бундай маҳалланинг ўзи йўқ.

“Озод” эски ном бўлиб, илгари бу ерда шу номдаги жамоа хўжалиги бўлган. Бу жой айни пайтда “Толовул” маҳалла фуқаролар йиғини деб аталади.

Суратдагилар ким эди?

Ижтимоий тармоқларни “портлатган” суратдагиларнинг кимлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий. Суриштирувларимиздан маълум бўлишича, суратда Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бўлими бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов, “Толовул” маҳалла фуқаролар йиғири раиси Зокир Исабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Мавлонов, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги раҳбари Ғулом Ҳусанов акс этган.

Хўш, улар нима учун сувга тушиб олишган?

Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов "Turon24"га воқеа ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

"Ўша куни, эшитишимча, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича муовиним ғалла экиладиган жойга бориб, сув бошидаги камчиликларни кўрган. У ерда пахта масаласи умуман бўлмаган. Икки фермерни чақиртириб, ғалла экилганига 15 кун бўлгани ҳолда нега у ҳалигача суғорилмаганининг сабабини сўрашган. “Мана, сув бўла туриб нима учун суғормадинг?” деган саволга жавоб бўлмагандан кейин муовиним ўзи сувга тушиб кетган. Сувга тушгандан кейин ҳалигиларга: “Мана, сув бор-ку, нима учун қўймаяпсан?” деган ва “Туш буёққа!” деб уларниям сувга туширган. Энди уларни ким расмга олганини мен билмайман, қишлоқ хўжалиги бўлимининг раҳбари билади, сув хўжалиги бўлимининг раҳбари билади".

Буғдойлар сув йўқлиги учун суғорилмаганми?

Оққўрғон тумани наинки Тошкент вилояти, балки Ўзбекистон бўйича энг серсув ҳудудлардан ҳисобланади. “Туябўғиз” сув омбори (халқ орасидаги номи “Тошкент денгизи”) ва Маргуненков (халқ орасидаги номи “Қонариқ”) каналидан сув ичади. Туманда 25 минг 880 гектар экин майдони бор. Айни пайтда 351 та фермер хўжалиги, 2 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари фаолият кўрсатмоқда. Хуллас, сув йўли сал ўрганилса, Оққўрғонда сув муаммоси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. У ҳолда 15 кун аввал экилган буғдой нима учун суғорилмаган? 25 октябрь куни юқоридаги олтовлон нима учун тиззасигача муздай сувга тушиб турган?

Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Муродовнинг айтишича, мутахассислар билан ғалла майдонидаги ҳолатларни ўрганиб юришганда “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалигида камчиликларга йўл қўйилгани, яъни буғдой сифатсиз экилгани, кейин эса суғорилмагани аниқланади.

“Сабабини сўраганимизда ариқда сув йўқ деган гапни қилишди. Шунда жаҳл устида ариққа тушгандим, қолганлар ҳам эргашиб тушди”, – дейди у.

Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов юқорида воқеани бироз бошқачароқ тасвирлаганди. Унинг айтишича, Шерзод Муродов жаҳл устида аввал ўзи тушган, сўнгра бошқаларни ҳам сувга тушишга мажбурлаган. Бу хатти-ҳаракати учун прокуратура томонидан энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов ваколатини суиистеъмол қилиб одамларни сувга тушишга мажбурлагани учун эмас, балки бошқа сабабга кўра маъмурий жавобгарликка тортилганини айтиб ўтди:

"Фермер хўжалигининг олиб бораётган ишини вақтида ва етарли даражада назорат қилмаганимиз учун, белгиланган муддатда агротехник тадбирларни бажармаганимиз, вақтида суғоришни ташкил қилмаганимиз учун мана шунақа маъмурий жазо берилди. Мендан ташқари туман қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги бўлимларининг бошлиқлари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди".

Аслида нима бўлганди?

Айрим оммавий ахборот воситаларида қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлаётган суратда акс этган олти кишини бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ариқда оқаётган совуқ сув ичида ярим соат туришга мажбурлаган.

"Turon24" мухбири суратдагилардан бири – “Толовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Исабеков билан учрашиб, аслида нима бўлганини билишга қизиқди.

"Ўша куни Зойир Тоирович(бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев назарда тутилмоқда – "Turon24")нинг гуруҳи текширувга келди. Ғалла бўйича кўрди. Бўлди!", – дейди маҳалла раиси.

Зокир Исабеков нима учун ёки кимнинг буйруғига кўра сувга тушгани, суратга ким олганини айтишни истамади.

Оққўрғон тумани ҳокимига кўра бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ўша куни суратга олинган жойда бўлмаган.

“Ўша киши Зоир Тоировични кўрганим йўқ. У инсон бизнинг ҳудудга – Тошкент вилоятига масъул. Оққўрғонгаям, Бўкагаям, бошқа туманларгаям. Ўзларининг иши билан келиб-кетиб юрибди. Ўзларининг кўрсатмасини бериб-кетиб юрибди. Айнан ўша куни у қаерда бўлганини мен билмайман”.

Фермерлар қаерда?

Суратдаги икки фермердан бири – Ғулом Ҳусанов. У раҳбарлик қилаётган “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалигининг 77,8 гектар ери бор. Шундан 48,4 гектарига пахта, қолганига ғалла эккан.

Фермерларнинг иккинчиси – Раҳмон Мавлонов. У “Мавлонбой ота” фермер хўжалигига раҳбарлик қилади. Хўжалик ихтиёрида 121,9 гектар ер мавжуд. Шундан 68,7 гектарига пахта экилган, 39,2 гектарига ғалла экилиши режалаштирилмоқда.

"Turon24" мухбири ҳар қанча уринмасин, 25 октябрдаги воқеага тўғридан-тўғри алоқадор бўлган фермерлар билан боғлана олмади. Уларни топиш ва гаплашиш йўлидаги барча уринишлар зое кетди.

Уларни яқиндан таниган, бироқ исми сир қолишини хоҳлаган манбага кўра фермерлардан бири воқеа тафсилотлари оммага ошкор бўлгач Тошкентга кетиб қолган. Иккинчиси ҳам ҳеч ким билан гаплашишни истамаяпти. Ҳокимлик мутасаддилари ҳам "Turon24"га фермерлар телефон қўнғироқларига жавоб беришмаётганини маълум қилишди.

Бундан ташқари, воқеага бевосита алоқадор Оққўрғон тумани сув хўжалиги бўлими бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедовларни ҳам топиб бўлмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Turon24" суриштируви: Оққўрғонда нима бўлган эди?

Жамият янгиликлари