21:59 / 29.10.2018
4 510

Расман: Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилди

Расман: Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилди
Ўзбекистон Республикаси президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фармонга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Зойир Тоирович Мирзаев Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Зойир Мирзаев 1968 йил 10 март куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Маълумоти – олий. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2008-2010 йилларда - Самарқанд шаҳар ҳокими. 2010 йил 17 декабрдан 2016 йил 15 декабргача Самарқанд вилояти ҳокими. 2016 йилдан 2018 йилгача бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари. 2018 йилдан - бош вазир ўринбосари - агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган.

Аввалроқ, 27 октябрь ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блокнот тутган олти кишининг ариқ сувида тургани тасвирланган суратни муҳокама қилишди. Kun.uz мухбирлари суриштируви давомида ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги майдонида юз бергани аниқланди.

Kun.uz’га ўша куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Оққўрғонда, сувга ботган олтовлондан сал нарида бўлгани ҳақида туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов айтиб берганди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарларнинг бурчи, масъулияти ва маънавияти масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Давлат раҳбари, жумладан, бундай деганди: "Иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа, одамларнинг шахсиятига тегиш бутунлай бошқа нарса. Одамлар иш юзасидан сизга бўйсуниши мумкин, бошқа ҳар қандай масалада сиз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга эканини асло эсдан чиқарманг. ...Барчамиз яхши биламиз, халқимиз ориятли, номусли халқ. Халқимиз барча нарсага чидаши мумкин, лекин такрор-такрор айтаман, адолатсизлик ва ноҳақликка чидай олмайди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ишдан олиниши кутилаётгани хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Расман: Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилди