04:56 / 16.11.2018
2 896

Нуримон Абулҳасан: «Муқаддас зиёратга пора аралаштиришнинг ўзи гуноҳ»

Нуримон Абулҳасан: «Муқаддас зиёратга пора аралаштиришнинг ўзи гуноҳ»
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатимиз асосан бугунги кунда энг кўп мунозараларга сабаб бўлаётган ҳаж, умра зиёратлари ҳақида кечди.

– Нуриймон ака, бугун икки йил аввалги вазият эмас. Ҳаж ва умра масалаларида анча ютуқларга эришилди. Муаммолар ҳамон бор ва улар ҳам аста-секин ечимини топмоқда, бундан бохабармиз. Ана шу зиёратларни ташкиллаштириш борасида янгиликлар билан ўртоқлашсангиз.

– Сўзимнинг аввалида бугунги суҳбат учун «Kun.uz» сайти жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Сабаби ҳар қандай катта тадбирларни тўғри уюштиришда тушунтириш ишларини олиб бориш учун оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда ҳаж ва умра зиёратлари бўйича улкан ислоҳотлар ўтказилмоқда. Хусусан, умра сафари харажатлари арзонлашди, бу зиёратга борувчилар учун Саудия Арабистонидаги имкониятлар ҳам кенгайди. Зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли, Макка шаҳрида 4 юлдузли меҳмонхоналарда яшаб, эмин-эркин ибодат қилиб келишди. Хабарингиз бор, бу муқаддас зиёратлар тўғрисида маълумот бериш учун яқинда брифинг ҳам ташкил этдик ва анжуманда Ўзбекистон аҳли учун умра сафари бўйича квоталар олиб ташлангани, энди Ўзбекистон республикасининг 18 ёшдан ошган фуқаролари бемалол бу зиёратга бориб келишлари мумкинлигини расман эълон қилдик.

Аммо шу ерда айрим тушунмовчиликлар юзага келди. Умра сафари арзонлашгани, квоталари олиб ташлангани туфайли маҳаллаларга, ҳокимиятларга жуда кўплаб мурожаатлар бўлган, кўпчилик юртдошларимиз сафарга бориш истагини билдиришган.

Шунда айрим маҳалла раислари тўғри тушунтириб, биринчи навбатда шу пайтга қадар навбатда турганлар, ёши катта талабгорлар боришларини айтишган. Аммо ўзлари ҳам тушунмаган баъзи раислар «фақат 40 ёшдан ошганлар боришади» дея маълумот бошқача талқин қилинишига сабабчи бўлиб қолишган ва бу ўз навбатида айрим норозиликларни келтириб чиқарган. Бу аввал амалда бўлган талаб. Умра учун энди бундай талаб йўқ.

Лекин шу ўринда бир нарсага аниқлик киритиб кетиш керакки, аввал ёши улуғлар борсалар, ўшаларга аввал бориш имкониятни берган ёшлар ҳам улкан савобга эга бўлишади.

– Узоқ давом этувчи навбатлар коррупцион омиллар туғилишига сабаб бўлади. Айни шу соҳада ҳам коррупцион иллат аралашиб қолмаслиги учун қандай чоралар кўриляпти?

– Ҳаж зиёратига бориш учун талабгорлар жуда кўплиги, навбатлар узунлигини тан олишимиз керак. Лекин ҳаж, умра каби муқаддас зиёратларга пора аралаштиришнинг ўзи абсурд, кимдир шундай йўл билан боришга ҳаракат қилиши катта гуноҳ. Ахир бу зиёратдан мақсад Аллоҳнинг розилигини топиш, гуноҳлардан фориғ бўлиш, ўз бурчини адо этишку. Бундай муқаддас амални бажаришда ҳалолликдан четлашишни қандай баҳолаш мумкин?

Биз, албатта бундай маълумотларни келиб тушиши билан ўрганамиз, керакли тақдимномалар киритамиз, чоралар кўрамиз.

Энди бу ерда яна бир оғриқли масала бор. Умуман, умрага, ҳаж зиёратига бел боғлаган мусулмонларимиз, юртдошларимиз бу амалларнинг нима эканлигини тўлиқ англаб етишяптими?! Ҳозирги кунда бизга «Нима учун навбат катта?», «Нега мен ҳозир боролмайман?» деган саволлар жуда кўп келиб тушади. Аммо биз хурсанд бўлардикки, талабгорлар ҳаж сафарини бажариб келишга отланган одам нималарга эътибор бериши керак, қандай амалларни бажарган бўлиши кераклигига кўпроқ қизиқсалар.

Лекин асосан «Бизнинг пулимиз бор, тез боришимиз керак!» деган талаб қўйиляпти. Бу нотўғри. Бу йил ҳаж мавсумига тайёргарликни 6 ой олдинроқ бошладик. Аввало, бўлажак ҳожиларни танлаш ишларини ўтказдик, яъни ҳажга талабгорларга бу амал бешинчи рукн эканлигини тушунтириб, улар аввалги тўртта рукнни бажарганми ёки бажармаганми, шуларни аниқладик. Баъзи пайтларда «Ҳажга нима учун боряпсиз?» деган саволга «Қўшним бориб келди, қудам бориб келди. Мен ҳам бормасам бўлмайди, атрофдагилардан уялиб кетяпман» қабилидаги жавобларни эшитдик. Бу жудаям хунук ҳолат. Шунинг учун сизлардан ҳам илтимосимиз шуки, халқимизга тушунтиринглар – ҳаж, умра зиёратларига боришдан олдин бу амалларга тайёр бўлишимиз керак.

Охирги пайтларда яратилган имкониятлардан фойдаланиб «Туркияга, Дубайга бориш ўрнига бир умрага бориб келсам ҳам бўларкан», дейдиганлар тоифаси ҳам пайдо бўляпти. Тўғри тушунишимиз керак – Туркия, Дубайга бориш бу саёҳат, ҳаж, умра эса ибодат. Муқаддас ибодат. Сайёҳлик ташкилотларига ҳам бу сафарни саёҳат эмас, ибодат деб тушунтириш шартлигини айтяпмиз. Бу иккисининг фарқини билиб олишимиз керак. Масаланинг маънавий жиҳатини асло унутмаслик лозим. Оддий одамга ёзиладиган битта гуноҳ умрага бориб келганидан кейин ўн баробар қилиб ёзилади. Чунки Каъбани айланиб келган одам ахлоқий бузуқликни давом эттирса, атрофдагиларга ибрат бўла олмаса, унинг зиёратидан нима наф?

Ҳожиларни беш ой давомида ўқитишни йўлга қўйганимиз ҳам бежиз эмас. Мен шу комиссия раиси сифатида айтаманки, бунга қадар ҳаж мавсумида айрим камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Масалан Мино, Арафот, Муздалифанинг моҳиятини англаб етмай, «Биз нега шағалда ётибмиз, нега тоғнинг пастида жойлашдик?» деб эътироз билдирганлар ҳам бўлдики, бу ниҳоятда хижолатли ҳолат. Ахир, бу амаллар ҳаж ибодатининг муқаддас қисмларику? Ҳаж ибодатлиги билан бирга машаққат эканлигини пайғамбаримиз (с.а.в.) таъкидлаганлар. Бу томоша эмас, саёҳат эмас, дам олиш эмас – айнан ибодат, машаққатли ибодат. Шунинг учун ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам жисмонан ҳажга тайёр бўлиб бориш шарт.

– Бундай ҳолатларга одамларимизнинг диний саводхонлиги лозим даражада эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан?

– Тарихдан бизга маълумки, ёши катталар дин ҳақида тушунчалар бериб келишган. Масаллар, эртаклар орқали таълим берганлар. Худди алла йўқолиб кетаётгани сингари бундай анъаналаримизга ҳам минг афсуски путур етди. Ҳозир оилаларда диний тушунчалар пайдо бўлиши учун махсус курслар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ўринда савол туғилади – мактабларда диний тушунчалар бериш, алоҳида дарслар ташкил этиш вақти етмадими? Ҳозир республикамизда ўн мингга яқин мактаб бор. Аммо бу соҳада таълим бергудек, ҳам динни, ҳам давлатимиздаги ислоҳотларни тўғри англаб етадиган ўн минг мутахассисимиз йўқ. Қолаверса, ҳали аниқ дастур ишлаб чиқилмаган. Биз бундай таълимни неча ёшдан бошлашимиз керак, қандай маълумотларни етказишимиз керак, буларнинг ҳаммасини ишлаб чиқишимиз керак. Агар мутахассис бор, деб фақат Тошкентда, ёки водийда бундай таълимни йўлга қўйсак, бу ҳам нотўғри.

Шунингдек, таълим тўғрисидаги қонуннинг 9-бандида «Диний таълим ўрта таълимдан мустасно», деб қўйилган. Шунга қарамай изланишлар олиб боряпмиз, диннинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтирувчи дастурларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз.

– Ҳозир ҳаж ва умра сафарларига йўл олиш маҳалла ва ҳокимликларга ҳужжат топшириш ва навбатда туриш орқали амалга ошяпти. Келажакда бу соҳада ҳам инновацион ёндашув, яъни онлайн ҳужжат топшириш ҳамда навбатда туриш режалаштириляптими?

– Бу айни кўнглимдаги савол бўлди. Инновацион ёндашув бўйича бир неча ойдан буён ишлаяпмиз ва келгусида янги ғоялар асосида жараённи енгиллаштиришда ахборот технологиялардан тўла фойдаланишни режалаштирганмиз.

– Ҳозирда туризмга катта эътибор қаратиляпти. Ўзбекистон мусулмон сайёҳларни қабул қилишга тўла тайёр деб айта оламизми?

– Бу бўйича алоҳида ишлар олиб боряпмиз. Дин ишлари бўйича қўмита қошида зиёрат туризми учун махсус бўлим ташкил этилди. Аммо мусулмон давлатларидан келувчи сайёҳлар учун барча шароитларни яратдик, дейишга ҳали эрта. Сабаблардан бири бизнинг «Ҳалол» стандарти бўйича ишларимиз якунига етгани йўқ. Туркия, Малайзия каби давлатлар билан ҳамкорликда умужаҳон «Ҳалол» стандартига аъзо бўлиш, юртимизда жорий қилиш бўйича ишлар олиб боряпмиз. Бу бўйича «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳам меморандум имзоладик.

Айниқса, Самарқанд ва Бухорога зиёрат учун талаб жуда катта. Малайзия ва Индонезия каби давлатлардан кўпчилик диндошларимиз зиёрат туризмига келишмоқчи. Улар меҳмонхоналарда, умумий овқатланиш масканларида уларга мос шароитлар яратишимиз лозим.

– Охирги саволимиз – маълумки, ҳар йили ҳаж, умра сафарлари кўтаринки кайфиятда ўтказилади. Бу жараёнларни ёритиш, тарғиб қилиш билан фақат Ислом академияси ҳузуридаги «Зиё медиа» маркази томонидан амалга оширилади. Мана шу жараёнга бошқа оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам жалб қилиш вақти етмадими?

– Бу масала ҳам алоҳида режаларимиз бор, таклифлар келиб тушяпти, уларни ўрганяпмиз. Зиёратлар, бу муқаддас амалларнинг моҳиятини халқимизга тўғри тушунтириш учун турли ОАВ вакилларини жалб қилиш режалаштирилган.
Хуршид Далиев суҳбатлашди

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нуримон Абулҳасан: «Муқаддас зиёратга пора аралаштиришнинг ўзи гуноҳ»