17:05 / 30.11.2018
5 134

Гулнора Каримованинг миллионлари кимга насиб этади?

Гулнора Каримованинг миллионлари кимга насиб этади?
Швейцария ҳукумати Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион франкни ўзида сақлашни истамаяпти. Пулларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳам шошмаяпти.

«Швейцария ноқонуний йўл билан топилган бойликни ўзида сақлаб туришдан манфаатдор эмас», деб жавоб берди DW’нинг Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион швейцария франкига яқин активларга нима бўлиши ҳақидаги саволига Швейцария ТИВ.

Гулнора Каримованинг ўзи анчадан буён Ўзбекистонда панжара ортида бўлиб, бу борада аниқ маълумотлар кам. Шу билан бирга, Европада Каримова иши ҳали-бери якунланмайди, чунки асосий масала – унинг Швейцариядаги активларини нима қилиш кераклигига жавоб топиш лозим.

Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага 2012 йилда эътибор қаратганди. Аввалига унинг ёрдамчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.

Кейинроқ Гулноранинг ўзи, унинг собиқ турмуш ўртоғи ва яна икки нафар ходимаси тергов остига тушди. Тергов хориж телекоммуникация компанияларининг ўзбек бозорига кириш ҳуқуқини олиш учун пора сифатида берган маблағлари Швейцариядаги Гулнора билан боғлиқ ҳисоб рақамларига келиб тушган деган хулосага келди. Каримованинг Швейцариядаги маблағи, мулки ва қимматбаҳо буюмларига тақиқ қўйилди.

2018 йилда жиноий иш бўйича олдинга силжиш бўлди: май ойида Швейцария прокуратураси Каримованинг собиқ эри ва ходималаридан бирига нисбатан жазо қарори чиқарди. Улар иккиси ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиб, иқтисодий жиноятлари учун Ўзбекистонда узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилишган. 2016 йил охирида Ўзбекистонга келган швейцариялик терговчиларнинг терговларидан сўнг маҳкумлар Швейцариядаги ўзлари билан боғлиқ ишлар тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилишига рози бўлишди ҳамда судга қадар Швейцария банкларидаги қарийб 700 миллион франк маблағлари мусодара қилинишига рухсат беришди.

Гулнора Каримованинг женевалик адвокати Грегуар Манжа бу қарорга норозилик билдирди. У ўз баёнотларида маҳкумлар ўзларининг Ўзбекистондаги келажаги мусодара қилинган пулларнинг ватанга қайтарилишига боғлиқлигидан келиб чиқиб иқрорлик кўрсатмаси беришганини билдирди.

Аммо 2018 йил ёзида Швейцария федерал жиноий судининг кассацион коллегияси адвокатнинг шикоятини рад этди. Эндиликда, Швейцария прокуратурасининг DW’га билдиришича, жиноий ишни мантиқий якунига етказиш учун суд коллегиясининг қолган тўрт айбланувчига нисбатан қарорини кутиш керак бўлади.

Иш расман ёпилмаган бўлса-да, Швейцария пулларни Ўзбекистонга қайтаришга тайёргарлик кўра бошлади. Бу мамлакатнинг ташқи сиёсат тамойили – ноқонуний йўл билан топилган маблағларни келиб чиқиш мамлакатига топшириш тамойилига мос келади, дея изоҳ берди ТИВ.

«Кейинги ўттиз йил давомида Швейцария икки миллиард доллардан ортиқ пулни қайтарган - бу бошқа ҳар қандай давлат қайтарган маблағдан кўпроқдир. Аммо ҳозирда қайтарилиши лозим бўлган бойлик билан қандай иш тутиш кераклигига баҳо беришга ҳали эрта», дейилади Швейцария ТИВ баёнотида.

Аммо Гулнора Каримовага тегишли пуллар кимга насиб этади?

Масалан, бу пулларга немисларнинг 2000-йиллар охирида Тошкентда муҳташам Форумлар саройини қурган кичик ва ўрта корхоналаридан иборат бутун бошли гуруҳи даъвогарлик қилмоқда. Буюртма расман Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax компанияси топшириғига асосан бажарилган бўлса-да, унинг ортида, афтидан, Каримова турган. Компания 2010 йилда банкротга учраб, ўзидан 5 миллиард Швейцария франкидан кам бўлмаган миқдорда қарз қолдирган.

Кредиторларнинг Гулнора Каримова ва унинг шерикларидан олиб қўйилган маблағлардан компенсация олиш имкониятлари жуда кам – чунки Каримова банкротга учраган компания билан алоқаси бўлганини рад этмоқда, Ўзбекистон ҳукумати эса унинг банкротга учрашини давлат жавоб бермайдиган хусусий ҳолат сифатида баҳоламоқда.

Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетаси кредиторлардан бирига таяниб ёзишича, улар 2019 йил январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга бўлажак давлат ташрифидан умид қилишмоқда. Илгари Германия ҳукумати бир неча йил давомида Тошкентнинг тадбиркорлардан қарздорлиги масаласини бир неча марта кўтарган, аммо бу муваффақиятсиз якунланган.

Швейцариянинг стратегиясига кўра, коррупцион пуллар «келиб чиқиш мамлакати халқига берилиши, ноқонуний каналлар орқали қайтадан чиқиб кетмаслиги даркор». Швейцарияда бу борада тегишлича тажриба бор. 2009 йилда Қозоғистонга 115 миллион франк миқдоридаги коррупцион пулларни қайтариш учун Қозоғистондаги кам таъминланган оилаларга ёрдам бериши кўзланган «Бота» махсус хайрия жамғармаси ташкил этилган. Маблағлар тақсимланишини ташқаридан Жаҳон банки кузатиб турган.

Тўғри, ўшанда қоидабузарликлар ҳам қайд этилган. Бу қатор ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ўзбекистонда ҳам ана шундай жамғарма ташкил этилишига қарши чиқишаётганининг сабабларидан биридир. Хорижда яшайдиган ўзбеклар гуруҳи Швейцарияни Тошкент билан музокараларда Каримованинг ноқонуний пулларини қайтариш масаласида шаффофликни таъминлашга чақирди.

Унинг Швейцариядаги маблағлари қанчалик самарали сарфланиши бошқа Ғарб давлатларининг «Гулноранинг пулларини» Ўзбекистонга қайтариш борасидаги қарорларига боғлиқ бўлади. Швейцариянинг тергов ўтказиши бошқа давлатларда ҳам ана шундай жараёнлар бошланишига туртки бўлди. Нидерландия, Швеция ҳамда АҚШда Каримовага пора берган телекоммуникация компанияларига нисбатан аллақачон айблов ҳукмлари эълон қилинган.

Бу ишлар доирасида турли активлар мусодара қилиниши мумкин. Гап Швейцария банкларидаги маблағдан анчагина кам миқдор ҳақида бормоқда, аммо улар ҳам ўзига яраша аҳамиятга эга. Масалан, Буюк Британияда Гулнора Каримовага қарши жиноий суриштирув доирасида 2018 йил октябрда унга тегишли бўлган учта кўчмас мулк объекти ва бошқа активларга тақиқ қўйилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулнора Каримованинг миллионлари кимга насиб этади?