17:20 / 19.12.2018
4 912

Бош прокуратура Гулнора Каримова ҳақида: «Бу шахс жазони ўташда давом этмоқда»

Бош прокуратура Гулнора Каримова ҳақида: «Бу шахс жазони ўташда давом этмоқда»
Бугун, 19 декабрь куни Халқаро пресс клубнинг ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида ўтказилган сессиясида иштирок этган Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Тўраевич Йўлдошев Ўзбекистон Биринчи Президентининг қизи, коррупция ишида айбланиб қамалган Гулнора Каримова ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Бу шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этган жиноятлари учун суд томонидан муайян жазоларга ҳукм қилинган. У айни вақтда суд томонидан қонунда белгиланган тартибда тайинланган жазони ўтамоқда. Жазо Ўзбекистон ҳудудида ўталмоқда. Таъкидлаб айтаман, ким бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари қонун олдида баробар. Бу шахсга нисбатан ҳам шу принцип амал қилмоқда», — дея прокурор ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

Декабрь ойи бошида Гулнора Каримованинг ўғли, айни вақтда Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида истиқомат қилаётган кичик Ислом Каримов онаси Гулнора Каримова жамоатчилик ишларида иштирок этишга қайтиш ниятидалиги ҳақида маълумот берганди.

«Мамлакатимизнинг янги раҳбарияти ташаббуси билан кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда ва улар Ўзбекистонга яхшироқ келажакни таъминлайдиган қудратли асосни қуришга имконият беради. Шунинг учун онам молиявий ва жисмоний томондан қўлидан келганича мамлакатдаги янги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди», — дея ёзганди у Instagram’даги саҳифасида.

Ислом Каримовнинг ёзишича, онаси умри давомида нимаики йиққан бўлса, буни ўзи учун қилмаган; онаси Ўзбекистондаги жараёнларга «молиявий ва жисмоний» ёрдам беришга ваъда берган. «Онамнинг таъкидлашича, ўзгаришлар бугун бошланиши керак — биз ҳар доим узоқ келажакни кутиб яшай олмаймиз», — деб қўшимча қилган Ислом Каримов.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Гулнора Каримовага нисбатан иккита жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди.

Унга кўра, Каримова 2015 йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Яна бир жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда. У ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад қилган.

Каримова хонимнинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа мижози «Тошкентдан уч соат узоқликдаги қамоқхонада» сақланаётганини айтганди. Бироқ хорижий ОАВ кичик Ислом Каримовга асосланиб Гулнора Каримова жазони қамоқхонада эмас, балки қизи Имоннинг Тошкентдаги квартирасида ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура Гулнора Каримова ҳақида: «Бу шахс жазони ўташда давом этмоқда»