18:52 / 08.01.2019
4 871

Уй-жойни ижарага бериш (олиш) қай даражада осонлашди?

Уй-жойни ижарага бериш (олиш) қай даражада осонлашди?
Ziyouz.com сайти асосчиси, блогер Даврон Тожиалиев Facebook’даги ўз саҳифасида уй-жойни ижарага беришнинг янги тартиби ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Бугун солиқ идорасига уй-жойни ижарага бериш шартномасини тузгани боргандим. Тартиб янгилангани учун тумонат одам йиғилган (энди уй-жой ижара шартномаси нотариусларда эмас, солиқ идорасида тузилади). Ҳужжатларни тўлдириб, топширгунимча 3 соат вақт кетди (шунда ҳам иш битмади, уй эгасининг СТИРида муаммо бор экан, эртага қолди)”, деб ёзади у.

Блогернинг маълумот беришича, уй-жойни ижарага бериш (олиш) учун солиқ идорасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ижарага берувчининг паспорт нусхаси.
2. Ижарага олувчининг паспорт нусхаси.
3. Ижарага берувчининг СТИР (ИНН) рақами нусхаси.
4. Ижарага олувчининг СТИР (ИНН) рақами нусхаси.
5. Ижарага берилаётган уйнинг кадастр нусхаси (биринчи ва охирги бетлар).
6. Ишончнома нусхаси (агар уй-жойга эгалик ҳуқуқи бошқа одамга берилган бўлса).
7. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси (3 нусха тўлдирилади).
8. Кўчмас мулк ижара шартномасини мажбурий ҳисобга қўйиш ҳақида сўровнома (1 нусха тўлдирилади).

“Ўзбекистон президентининг 2018 йил 26 декабрдаги фармойишига кўра, Тошкент шаҳрида турар-жойларни ижарага бериш минимал суммаси 10000 сўм/кв.метр. Ижара суммасининг 12 фоизидан солиқ олинади. Ушбу фармойишга кўра, ижара шартномаси аввал тузилиб, суммаси белгиланган бўлса ҳам, кв.м.ига 10000 сўмдан ҳисобланиб, янги сумма чиқариляпти. Масалан, 60 кв.м. учун аввал тахминан 20000 тўланган бўлса, ҳозир унинг суммаси 72000 бўляпти”, деб ёзади у.

Даврон Тожиалиев, шунингдек, ижарада турувчиларга осон бўлиши учун керакли бланкаларни ҳавола қилган.

Блогер пости сўнгида шундай ёзади:
“Инновациялар йили ўтиб кетди. Мана шу оворагарчиликни осонгина электрон тарзда амалга ошириш ҳақида гапириб ўтирмадим (ҳар қалай бу сафар аввалгидек, уйнинг олди-сотди шартномалари, БТИдан маълумотнома, уй эгасининг солиқдан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома, паспорт столдан форма-17 ва доимий пропискада турадиганлар ҳақида маълумотнома, коммунал идорадан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома, уй эгасининг турмуш ўртоғи ижарага қўйишга рози эканлиги ҳақида маълумотнома, уй эгаси турмуш ўртоғининг паспорти, никоҳ гувоҳномаси, ижара турувчи болалар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ижарада турувчи рафиқамнинг ИННси, квартиранинг тақиқ ёки арестда турмаслиги ҳақида сўровнома сўралмади”.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уй-жойни ижарага бериш (олиш) қай даражада осонлашди?